Фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда анъанавий тарзда ташкил этилаётган тиббий кўриклар муҳим аҳамиятга эгадир. Шу боис ҳам бу жараён ғоят оммавий тус олишини таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Аввало, аҳолининг барча қатламлари тиббий тадбир ҳақида аввалдан хабардор этилмоқда. Қолаверса, белгиланган тиббиёт муассасаларида шифокорлару беморлар учун зарур шарт-шароитлар яратиб қўйиляпти. "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остида душанба, 10 августда бошланган соғ­ломлаштириш тадбири жорий йилдаги учинчи чуқурлаштирилган тиббий кўрикдир.

Маълумки, "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастури доирасида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу йил 16 - 21 февраль кунлари вилоятимизнинг барча ҳудудларида республика ихтисослаштирилган ва илмий-амалий марказлари, илмий-текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муасcасаларининг етакчи олимлари ва юқори малакали шифокорлари иштирокида "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин" шиори остида кенг тарзда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилганди. Кейинчалик, Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами арафасида, аниқроғи 13-18 апрель кунлари вилоятимизнинг барча туманларида ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари малакали шифокорлари жалб қилинган ҳолда шу шиор остида навбатдаги акция ташкилланган.

Бу галги саломатлик ҳафталиги давлатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида ўтказилаётганлиги билан аҳамиятлидир. Наманган шаҳридаги 5-оила поликлиникасида тиббий тадбирнинг очилиши байрамона тус олди. Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Солижон Мўминов, Республика ихтисослаштирилган эндо­кринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Равшан Файзуллаев, Наманган шаҳридаги "Навбаҳор" маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Тилобатхон Ҳайдаровалар мустақиллик йилларида халқ турмуш фаровонлигини юксалтириш, айниқса аҳоли саломатлигини мустастаҳкамлашга қаратилган эзгу ишлар кўлами ортганлигини, ушбу акция ана шу йўналишдаги хайрли тадбирлар сирасига киришини эътироф этдилар. Бу ғамхўрликдан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидладилар.

Пойтахтимиздан ташриф буюрган таниқли олим шифокорлар вилоятимизнинг етакчи врач-мутахасисилари билан ҳамкорликда олти кун давомида нафақат Наманган шаҳри, балки Янгиқўрғон, Учқўрғон, Уйчи, Поп, Мингбулоқ туманларида бўлиб, вилоятимизнинг барча ҳудудларида яшовчи кексаю ёшларни, ёлғиз яшовчи қарияларни, айниқса, болалар ва оналарни энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари, тиббий аппаратуралар ёрдамида тиббиётнинг 15 йўналиши бўйича чуқурлаштирилган тиббий кўрикка чорлайдилар.

- Кўп йиллардан бери неврологик хас­талик қийнар эди. Бугун малакали шифокорлар қабулида бўлиб, керакли тавсия ва маслаҳатларни олдим. Тез орада дарддан қутуламан, деган умиддаман. Шунчалик қулайлик яратиб берилганидан ғоят мамнунмиз, - дейди Сабоҳатхон ая Муллажонова.

Ҳар бир киши кардиолог, терапевт, уролог, невропатолог, эндокринолог, офтальмолог, ЛОР, ортопед-травматолог, педиатр, онколог, акушер-гинеколог, онкогинеколог, жарроҳ, УТТ ва бош­қа мутахассислар қабулида бўлиб, ўз саломатлигини текширувдан ўтказиши мумкин. Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий маркази, республика ихтисослаштирилган хирургия маркази, Травматология ва ортопедия илмий-текшириш институти, республика кўз касалликлари шифохонаси, Тошкент тиббиёт академияси1-клиникаси ва бошқа илмий-амалий марказлари малакали мутахассислари акция иштирокчиларига зарур тиббий маслаҳатлар бериш­япти.

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази педиатри Шоҳида Абдумажидовага ҳам кўпчилик мурожаат этмоқда. Ана яна бир бемор бола келтирилди. Саккиз ёшли Муслимжоннинг оёқ-қўллари тез-тез оғриб туради. Шифокор унинг аҳволини обдон ўргангач, беморни соғайтириш юзасидан тегишли тавсияларни айтди.

- Пойтахтимиздан ташриф буюрган малакали шифокорлар билан бирга тиббий кўрик ўтказиш баробарида касбий маҳоратимизни оширишга муваффақ бўлдик, - дейди 5-оила поликлиникаси олий тоифали педиатри Дилфуза Қорабоева.

Саломатлик ҳафталиги давом этмоқда. Унинг мухтасар тафсилотлари билан келгуси сонда таништирамиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ.