Бугун замон шиддат билан ривожланмоқда. Яқинда тасдиқланган «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги Президент Фармонида ҳам "Профессионал таълим тизими"га алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат дастурида белгилаб ўтилганидек, профессионал таълим тизимини ривожлантириш, меҳнат бозори ва иш берувчиларнинг талабларига мос бўлган малакали ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб давлат грантлари коллеж ва техникумларнинг дуал таълим шакли бў­йича ҳам ажратилиши белгилаб қў­йилди.

Натижада ўқувчи дуал таълим шаклида профессионал таълим муассасасида назарий билимларни олади ва бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат фаолиятини амалга ошириб, амалий кўникмаларини мустаҳкамлайди.

Таълим олиш қанчалик амалиётга яқин бўлса, корхона ва ўқувчи учун шунчалик катта фойда. Германиянинг тажрибасига асосланган ушбу таълим тизими мутахассислар тайёрлашда замонавий профессионал таълим шаклини ривожлантиради.

Ўқувчиларнинг ўқишлари касблар ва мутахассликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда камида икки йил муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида тўлов контракт ёки давлат гранти асосида амалга оширилади. 2023 йилдан бошлаб Дуал таълим шакли ҳам амалиётга жорий этилди.

Дуал таълим тизимининг эле­мент­ларига асосланган таълим муассасаси ва корхона мутахассислари томонидан биргаликда ишлаб чиқилган ўқув дастурлари профессионал аҳамиятга эга бўлган компетенцияларнинг муваффақиятли ривожланишига ёрдам беради.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, инсон ҳаётининг барча жабҳаларида ўз фаолиятини тараққий эттириб бориши керак. Ёшларнинг билим олишлари ҳамда ўзлари хоҳлаган касб ва мутахассисликларнинг эгаси бўлишлари учун бугунги кунда барча имкониятлар яратилган. Улар мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиб, жамиятда ўз ўринларини топишлари мумкин.

Профессионал таълимда тадбиқ этилаётган дуал таълим шакли ёшларга ҳам билим бериш, ҳам касб-ҳунарни ўргатиш бўйича энг самарали тизим сифатида фаолиятимиз натижадорлигини янада оширади.

Гулчеҳра ҚАЮМОВА,

Наманган саноат техникуми директори,

"Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси.