Тўрақўрғондаги марказий шифохонанинг терапия бўлими неврология постида ойига 120 нафардан зиёд бемор даволаниб кетмоқда. Уларга 2 нафар врачу 9 нафар ҳамшира хизмат кўрсатади. Пост гарчи 25 ўринли бўлса-да, бирор кун бўш ўринни кўрмайсиз. Бу ердаги саломатлик пос­бонлари муолажасидан баҳраманд бўлаётганлар кейинги даволаниш эҳтиёжи туғилганида ҳам яна бошқа муассасани, маҳобатли ва муҳташам биноларга жойлашган хусусий клиникаларни ҳавас қилишмайди.

Тўрт қаватли бинонинг иккинчи қаватидаги кенг фойе ва залнинг икки томонидаги бир неча хоналардан иборат мўъжаз давогоҳ кўпроқ нималари билан беморларни ўзига тортади? Саволга қисқа жавоб берамиз. Аввало, бу ерда ўн беш-йигирма йил илгари Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган врач Маҳмуджон Иброҳимов тумандошларни соғайтириш билан машғул эди, олий тоифали нев­ролог Ёқубжон Бозоров эса устози билан ёнма-ён ишлаб, нафақат даволашни ўрганди, балки кичик жамоага раҳбар сифатида катта мақсадларга эришиш учун кеча-кундуз изланди, тиниб-тинчимади. Бугун эса уларнинг шогирдларию, издошлари неврология постида асаб хасталигидан озор чекаётганларнинг танларига ҳаловату жонларига оро киритишмоқда.

Пост жамоаси раҳбари нев­ролог Аҳмадулло Бойбобоев эгаллаган мутахассислигига хосу мос феъл-атворли инсон. Билимдон, мулойим, вазмин, чуқур мулоҳазали врач. Беморларга жуда-жуда эътиборли. Дастлаб шикоятини эринмай эшитади. Кейин таҳлил натижаларини кўздан кечиради, ниҳоят аниқ ташхис қўйишга интилади. Бетаъмаю, беминнат хизматидан, халоскорлигидан ички фахр туяди. Бемори устида ташвишли қиёфада кўрсангиз, соғайтиргач, юзларида табассум бал­қийди. Яна қўшимча дори-дармонлар буюради. Ҳар бир ётган хоҳ эркагу, хоҳ аёл бўлсин, дои­мо соғлиғига ҳамиша эътиборли бўлишини уқтиргани уқтирган.

– Келган куним аҳволим оғир эди, – дейди шаҳандлик Сотиболди ҳожи ота Ҳайдаров. – Аҳмадулло дўхтирнинг муолажаси сернаф чиқди. Икки-уч кунда ҳассанинг хожати қолмади. Бутун вужудимга куч-қувват қайтганидек ҳис этяпман. Омон бўлсин, кўп-кўп одамларни даволаб, олқишлардан кўнгли яйраб, оғир ҳолатда беҳуш келган беморларни яна кўз очтириб, соғлом ва фаол ҳаётга қайтариб юраверсин!

– Менинг бошимда оғриқ бор эди, Аҳмадуллога ихлос қилиб янглишмаган эканман, йилига икки курс муолажа олволсам олам гулистон, боягидек ўзимни енгил ҳис этиб, масъулиятли вазифамни қийналмай бажаравераман, – дея таъкидлайди Қўш­қайрағоч қишлоғидаги 43-мактаб директори Маъмуржон Юсупов.

Ёртепалик эллик ёшли Саиджон Усмоновнинг оёғи панд берибди. Қиш ичи совуқда зўра­йиб, ҳатто юролмай қолибди. Ниҳоят мана шу неврология постига ётқизилибди.

– Ёш врач Ботиржон Набиевга гап йўқ, – дейди у мамнун кайфиятда. – Аҳволимни обдон текширгач, тезда зарур дори-дармонлар буюрди. Бир ҳафтадаёқ тортишиб турган томирларим қўйиб юборди. Мана, энди иккинчи оёғимниям қўрқмай боса бошладим. "Ақл ёшда эмас, бошда" деганлари шу бўлса керак. Ботиржондан беҳад хурсандман, бундай самимий ва меҳрибон ёш врачларнинг, албатта, ҳаётда ҳурмату обрўйи баланд бўлади. Омадини берсин, Аллоҳим!

Бўлим мудири Аъзамжон Қорабоевнинг таъкидлашича, врачларнинг энг яқин ёрдамчилари бўлган ҳамшираларнинг хизмати уларникидан кам эмас. Ҳар бир касалга даво бўлувчи дори-уколнинг қай вақтда, қанчадан қўлланишини шифокор "Касаллик тарихи"га қайд этса-да, амалда бажариш эса ҳамшираларнинг вазифасидир. Бу борада бўлимнинг катта ҳамшираси Зулайҳо Ортиқова атрофидаги касбдошлари ғоят чечан, ғоят ўз ишига моҳирлигини беморлар кўп бор эътироф қилишмоқда.

Масалан, неврология постида Маҳлиё Тўрахўжаева билан Манзура Абдуллаева бежиз беморлар олқишига сазовор бўлишмаяпти. Ҳар иккилари тиббий игна санчишнинг чинакам усталарига айланиб кетишган. Томирингизга осонгина"тушишади". Беозор игна санчишгани каби муолажалари ҳам ёқимли. Кўнглингизни кўтарадиган сўзларидан ҳам дарров енгил тортасиз. Меҳрибонликларию, ғамхўрликларини кўриб, тилингиздан олқишлар ёғилганини сезмай қоласиз. Улар ҳозирда билганларини ёшларга сидқидилдан ўргатишяпти. Чуст тиббиёт билимгоҳининг талаба қизлари устоз ҳамширалардан иш ўрганишяпти.

Постдаги озодалик, саранжому саришталикдан баҳри дилингиз очилади. Ҳаётхон ва Адибахон сингари кичик тиббий ходимларнинг жонкуярлиги туфайли остонадан ичкарига ҳатлаган инсоннинг кайфияти кўтарилади. Деразалардаги қатор-қатор хона гулларига меҳр билан боқасиз, ҳаёт гўзаллигидан руҳингизга тетиклик югуради. Саломатлигингиз тикланиши осонроқ кечаётганидаям мана шу тозалик бекаларининг алоҳида ҳиссалари борлигига яна бир карра иқрор бўласиз.

Содиқ САЙҲУН.