Мамлакатимизда Наврўз шукуҳи кезиб юрган бир пайтда байрамолди умумхалқ хайрия ҳашари ғоят уюшқоқлик билан ўтказилди. Вилоятимиздаги барча тиббиёт муассасаларининг жамоалари кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ҳаракатида фаол иштирок этдилар. Тиббиёт марказлари, шифохоналар, поликлиника ва оила шифокорлик пунктларида тиббиётчилар фидокорона меҳнат қилдилар.

Айниқса, Республика "Пахталикўл" фтизиатрия ва пульмонология тиббий реабилитация марказида кенг кўламли баҳорги юмушлар амалга оширилди. Маълумки, мазкур муассаса ҳудуди боғу гулзорларга айлантирилган. "Яшил макон" умуммиллий ҳаракати доирасида сиҳатгоҳда янги мевали ва манзарали ниҳоллар ўтқазилди.

Бу хайрли ишга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари ҳам баҳоли қудрат ўз ҳиссаларини қўшдилар. Тиббиёт маскани боғида бошқарма бошлиғи Абдулҳоди Иминов раҳбарлигида кўчат экиш ишлари амалга оширилди. Ҳудуддаги майдонлар турли-туман ниҳоллар билан тўлдирилди.