Халқимизнинг энг суюкли ва ардоқли байрами Наврўздир. Азал-азалдан янги кун маъносини берувчи қутлуғ айём зўр шодиёналар билан нишонланади. Унинг шукуҳи юртимизда март ойи давомида кезиб юради десак ҳам асло муболаға эмас.

Мамлакатимиз раҳбари қувониб ва фахрланиб таъкидлаганидай: "Наврўз фалсафаси, Нав­рўз қадриятлари – одамларнинг дарду ташвиши билан яшаш, кексаларга ҳурмат, муҳтож инсонларга эътибор ва халқпарварлик фаолиятимиз мезонига айланмоқда.

Биз энг аввало оналаримиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз, бутун халқимизни рози қилишни ўз олдимизга эзгу вазифа қилиб қўйганмиз ва бу олий мақсадга албатта эришамиз. Шунда ҳаётимиз янада обод ва фаровон, буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, ҳар кунимиз Наврўз бўлади".

Аслида баҳорнинг ўзи яшариш ва яшнатиш фаслидир. Нав­рўзда бу янада ёрқинроқ кўринади. Боиси, кўкаламзорлаштиришу ободонлаштириш юмушлари авжига чиқади. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган инсонларга ғайрат-шижоат бағишлайди. Кимдир ер чопади, кимдир кўчат ўтқазади, кимдир боғу-роғларни тартибга келтиради. Ҳовлиларимиз тозаланади, ариқларимиз кавланади. Дарахтларимиз "оқ фартук" тақади. Сувлар яна ҳаёт қўшиғини хиргойи қилгандай тошқин оқади. Ариқлар қоши ялпизлардан ўсма тортгандай чирой очади.

Наврўз умумхалқ байрами бўлгани учун ҳар бир хонадонда, ҳар бир маҳаллада, ҳар бир ўқув ёки меҳнат жамоасидаги жонланишда, ўйин-кулгуда, оммавий тадбирларда сезилади. Дошқозонлар осиб, сумалаклар қайнатилади. Туну билан катта ўчоқларда олов ловиллайди. Эрта тонггача пишиб етилади, жамоага, қадрдонларга, маҳалла-кўйга улашилади. Ҳамманинг оғзи тегади баҳорий таом сумалакка. Энг муҳими, у чинакам дармон доридир.

Наврўз анъанавий шоду хуррамлик айёмига айланиб, элнинг кайфиятини аъло даражага кўтариб юборади. Халқни истиқболдаги буюк мақсадлари сари сафарбар этишга, мамлактимизда кечаётган ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишга хизмат қилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорида кўрсатилганидек, бу йилги байрам "Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!" деган бош ғоя асосида умумхалқ са­йиллари шаклида ўтказилади.

Айниқса, 2023 йилнинг "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" дея номлангани, бу борада қабул қилинган давлат дастури ижроси изчиллигини таъминлаш йўлида янада ғайрат-шижоат, кўтаринки руҳ, аъло кайфият муҳитини вужудга келтириши шубҳасиз.

Тиббиёт тармоғидаги минг-минглаб фидоий врачу ҳамширалар халқ саломатлигини мус­таҳкамлаш учун кундан кун фаолликни оширадилар. Инсонга юксак эътибор қаратилган юртимиздаги шарқона байрам ўзига хос қутлуғ айёмга айланишига ишончимиз комил.

Наврўз нашидаси ҳар биримизнинг хонадонимизга тинчлик, соғу-саломатлик, битмас-туганмас шодлик, бахту саодат олиб кирсин, азиз ҳамюртлар!

Содиқ САЙҲУН.