Тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда хориж тажрибаси қўлланиши ижобий натижа беради. Вилоятимизда ҳам ана шу жиҳатга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бинобарин, наманганлик тиббиётчиларнинг Туркияга навбатдаги хизмат сафаридан мақсад ҳам шу эди. Гуруҳ раҳбари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов сафар таассуротлари ва келгусида турк тиббиётчилари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида сўзлаб берди.

– Хабарингиз бор, Туркияга сафаримиздан бир неча кун олдин вилоятимиз ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Туркиянинг LIV HOSPITAL халқаро тиббиёт муассасалари тармоғи раҳбари Мэри Истироти хоним билан видеоконференц-алоқа шаклида музокаралар ўтказганди. Ўшанда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, мутахассислар тайёрлаш, тиббиёт муассасаларини замонавий бошқаришга ўтказиш борасида фикр алмашилган эди. Келишувга мувофиқ, тез орада вилоятимиз тиббиёт марказлари раҳбарлари ва мутахассисларидан иборат гуруҳ Туркияга йўл олди. Бир ҳафта давомида LIV HOSPITALнинг Истамбул шаҳридаги хусусий шифохонаси ва унинг ҳудудлардаги тармоқлари фаолияти билан танишдик.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, LIV HOSPITAL Туркиядаги энг энг йирик учта клиникалар тармоғидан биридир. Клиника мутахассислари салоҳияти жиҳатидан дунёда етакчи ўринларда туришади. Онкология, пластик жарроҳлик, тана текширувлари, нейрожарроҳлик, ўзак ҳужайралари жарроҳлиги, кардиожарроҳлик, физикал тиббиёт ва реабилитация, кўз касалликлари, болалар касалликларини даволаш, онкологик касалликларни радиологик даволаш, ортопедия ва умуртқа поғонаси касалликларини даволаш борасида довруғ қозонишган. Қолаверса, LIV HOSPITAL Халқаро жарроҳлик ташкилотининг "Роботик қорин бўшлиғи жарроҳлиги" ва "Роботик жарроҳлик" сертификатини олган ягона тиббиёт марказидир.

Ташрифимиз доирасида мазкур тиббиёт марказининг Янги Истамбул туманидаги клиникасида бўлдик. Дастлаб LIV HOSPITAL клиникалар тармоғи координатори Мэри Истироти хоним, клиниканинг бош менежери ва бош шифокори Мехмет Акиф Бенклар делегациямиз аъзоларини қабул қилишди. Мулоқот чоғида мазкур клиниканинг тузилиши, бошқарув тамо­йиллари, бўлимлари фаолияти, суғурта тизимининг амалда қўлланиши ҳақида тушунчалар берилди.

Ўз навбатида клиника фаолияти билан танишув ҳам ғоят қизиқарли кечди. Тиббиётнинг турли соҳалари бўйича профессорлари ўз иш тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Жумладан, Сердер Чечек кардиожарроҳлик, Айнур Терзибаши ўғли жисмоний тиббиёт ва реабилитация, Дилик Армен шифохона ички инфекциясини назорат қилиш, Инсан Йилмаз кўз касалликларини даволаш бўйича тажрибалари, шунингдек, замонавий диагностика ва даволаш ишлари юзасидан гапириб беришди.

Эртасига Улус туманидаги клиника фаолияти билан танишдик. "LIV HOSPITAL Ulus" бош шифокори Ўзгун Гунгор муассаса ҳақида гапириб берди. Шундан сўнг клиника фаолияти билан танишдик. Тиббий муассаса профессорлари – нейрожарроҳ Илхан Элмачи, онколог Дўйгу Дерин, ўзак ҳужайра ва регенератив жарроҳ Эрдал Кароўзлар соҳаларига оид мавзуларда маъруза билан чиқдилар.

Айниқса доктор Эрдал Кароўзнинг тажрибалари бизда катта қизиқиш уйғотганлигини таъкилашни истардим. Профессор "Ўзак ҳужайра", унинг олиш ва қўллаш усуллари, қайси касалликларда қандай натижага эришилаётганлиги ҳақида батафсил сўзлаб берди. "Ўзак ҳужайра"ларнинг қўлланилиши болалар децеберал фалажлиги хасталигини даволашда ижобий самаралар кўрсатаётганлиги таъкидланди.

Таниқли доктор Илхан Элмачининг қайд этишича, нейрожарроҳлик соҳасида ҳам эътиборга молик натижалар бор. Бинобарин, турк нейрожарроҳлари бош ва орқа мияда жарроҳлик амалиётларини бажаришда салмоқли ютуқларга эришмоқдалар. Жумладан, бош мия қон томирлари аневризмалари ва бош миянинг турли қисмларида жойлашган ўсмалар жарроҳлик йўли билан бартараф этилмоқда. Бундан ташқари жарроҳлик амалиётлари эндаскоп ёрдамида олиб борилаётганлиги бош мия­нинг камроқ шикастланиши ва беморларнинг тезроқ тикланишида ғоят қўл келмоқда. Хусусан, бош мияда чуқур жойлашган ўсмаларни бартараф этишда нейрожарроҳлиқ операцион микроскопи ва навигация тизими самарали қўлланилмоқда. Шуниси ҳам аҳамиятлики, мияда ўтказилаётган жарроҳлик амалиётлари нейромониторинг воситасида назорат қилинаётганлиги ҳам ижобий самаралар бераётир.

Сафаримиз давомида Истамбулдаги Istinye Uhiversity олийгоҳида ҳам бўлдик. Муассаса ўқув ишлари бўйича проректори, профессор Хатича Гулен олийгоҳда тиббий таълим қандай йўлга қўйилганлиги, олиб борилаётган илмий изланишлар билан таништирди. Таълим муассасаси фаолиятини ўрганиш асносида тиббиётчи олимларнинг иш тажрибалари, илмий тадқиқотлар билан қизиқдик. Олийгоҳда фаолият кўрсатаётган иммунологик ва генетик лаборатория иш фаолиятини кўздан кечирдик.

LIV Hospital Ulus етакчи ортопед шифокори, профессор Чағатой Ўзтурк билан мулоқотимиз умуртқа поғонасининг дегенератив касалликларида ўтказилаётган замонавий даво-диагностика усуллари ҳақида бўлди. Таниқли онколог, профессор Мердан Файда эса онкологик беморларда олиб борилаётган оператив, кимёвий терапия ва радиотерапия усуллари самаралари хусусида гапириб берди.

Ташрифимиз ниҳоясида LIV HOSPITAL клиникалар тармоғи координатори Мэри Истироти хоним, клиниканинг бош менежери ва бош шифокори Мехмет Акиф Бенклар ва LIV Hospital Ulus клиникаси бош шифокори Ўзгун Гунгор билан якуний учрашув ўтказдик. Мулоқот чоғида сафар таассуротлари билан ўртоқлашилди. Жумладан, шу каби замонавий клиника тармоғини Наманганда ҳам ташкил этиш таклифи берилди. Учрашув ниҳоясида Наманган вилояти соғ­лиқни сақлаш бошқармаси ва LIV Hospital клиникаси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан меморандум имзоланди.

Хорижга сафаримиз самарали кечганлигини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Аввало, тиббий хизматни бугунги давр талабларига мос равишда ривожлантиришнинг жаҳоний тажрибасидан воқиф бўлдик. Соҳани янада тараққий эттиришнинг янги усул ва услубларини ўргандик. Айни пайтда Туркия таассуротлари асосида фаолиятни тубдан такомиллаштириш устида изланяпмиз.

Биринчи навбатда малакали тиббий кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, бошқарувни рақамлаштиришга урғу бериш ғоят муҳим. Тиббий суғурта тизимини жорий этишга ўтиш мақсадга мувофиқдир. Болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш лозим. Хусусий сектор ишини ривожлантириш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Кардиожарроҳлик соҳасида олиб бораётган ишларимизни янада такомиллаштириш, онкология, нейрожарроҳлик, ҳамширалик ишини тубдан яхшилаш зарурлигини англаб етдик.

Айни пайтда Туркия сафари таассуротлари асосида тиббий хизматни янада яхшилашга доир мукаммал дастур ишлаб чиқилмоқда. Бу саъй-ҳаракатларимиз самараси ўлароқ аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, даволаш ва диагностика ишларини янги босқичга кўтаришга эришамиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ ёзиб олди.