Бундан икки йил муқаддам Наманган давлат университетида тиббиёт факультетининг очилиши вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимининг олий маълумотли кадрларга бўлган талабини қондириш, эл соғлигини самарали муҳофаза қилиш йўлидаги дадил қадамлардан бири бўлди. Айни пайтда даволаш иши, педиатрия ва фармация таълим йўналишларида ўқиётган талабаларнинг чуқур билим олиши, ўз нав­батида, назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштиришлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Аниқроқ айтганда, тиббиёт факультетининг даволаш иши ҳамда педиатрия таълим йўналишларида таҳсил кўраётган биринчи ва иккинчи босқич талабалари айни кунларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда вилоятимиздаги "Ойдин шифо", "Анамед" каби нуфузли хусусий тиб­биёт клиникаларида малакавий амалиёт ўтамоқдалар.

Ўқув жараёнининг узлуксиз давом этишини таъминлаш, назарий билимларни амалиётга татбиқ этиш, уларга бўлажак касб бўйича бевосита амалий кўникма бериш ва намунавий ўқув режаси талабларини бажариш мақсадида олиб борилаётган клиник амалиёт чоғида талабалар нафақат даволаш жараёнида бевосита иштирок этмоқдалар, балки мураккаб ва ноёб жарроҳлик амалиётларида ҳам ёнма-ён қатнашмоқдалар.

Биргина вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида олиб борилаётган клиник амалиёт жараёнига тўхталадиган бўлсак, мазкур тиббиёт марказида катта билим ва тажрибага эга шифокорларнинг фаолият юритаётгани, "Устоз-шогирд" анъанасининг бардавомлиги, қолаверса, марказдаги 14 та бўлимнинг барчаси энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланганлиги, даволашнинг энг илғор усуллари амалиётга татбиқ этиб келинаётганлиги талабалар учун айни муддао бўлмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, жорий ўқув йилида университетнинг тиббиёт факультетида 265 нафар талаба таҳсил олмоқда. Факультет таркибида "Тиббиёт" ва "Физиология" кафедралари мавжуд. Уларда 21 нафар профессор-ўқитувчилар машғулотлар олиб боришмоқда.

Кўплаб йигит-қизлар ҳозирданоқ ўз иш ўрнига эга бўлиб улгурган. Улар назарий билимларни бевосита иш фаолиятлари жараёнида мустаҳкамлашга муваффақ бўлишаётгани янада яхши натижалар бераётир.

Бир сўз билан айтганда, назарий билим амалиёт билан уйғунлашгандагина, бугунги талаба эртага етук мутахассис бўла олади. Соҳага қизиқиши баланд, янгиликларни катта иштиёқ билан қарши олаётган, амалиётнинг ҳар бир жараёнида фаол иштирок этаётган Наманган давлат университети тиббиёт факультети талабаларининг эртага вилоятимиз тиббиётининг ёш ва билимли вакиллари бўлиб етишишларига ишончимиз комил. Чунки бунинг учун ҳозирданоқ мустаҳкам замин яратилмоқда.

Санжарбек ҲАМИДОВ.