Қодиробод Тўрақўрғоннинг энг олис ҳудудларидан бири ҳисобланади. Ҳозирга қадар тиббий хизматга зарурият туғулгидек бўлса, маҳалла аҳолиси 5-6 километр наридаги Файзиобод қишлоғида жойлашган оила поликлиникасига ёки 15 километр узоқликдаги туман марказий шифохонасига қатнашга мажбур эди. Эндиликда бунга асло ҳожат қолмади. Маҳаллада тиббиёт пункти очилганлиги одамларнинг узоғини яқин қилди. Ҳамшира Муҳайё Мамадалиева томонидан муолажалар олиб борилмоқда. Умумий амалиёт шифокори Комила Эсоналиева ҳудудга масъул этиб белгиланган. Зарурият туғулгидек бўлса, саломатлик посбонининг ўзи дарҳол мазкур шохобчага етиб келиб, беморларга тиббий хизмат кўрсатади.

– Ҳудудимизда 680 нафар одам яшайди. Тиббий хизматнинг маҳаллага яқинлаштирилганлиги жуда маъқул иш бўлди. Энди тоби қочиб қолган кишиларга шу масканда тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Айниқса, болали оилаларга катта қулайлик яратилди. Тиббий кўриклар, даволаш муолажалари учун узоққа қатнашга ҳожат қолмади, – дейди меҳнат фахрийси Комилжон Абдуллаев.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишда бу каби шохобчалар тармоғини кенгайтиришга урғу берилаётганлиги чиндан ҳам эътиборга молик. Шу билан бирга ҳудудларда оила поликлиникалари ва оила шифокорлик пунктлари моддий-техник имкониятлари яхшиланиб бораётганлиги бирламчи тизим давр талаблари асосида такомиллаштирилаётганлигини, соҳада кечаётган ислоҳотлар қанчалар ижобий самаралар бераётганлигини тасдиқлаб турибди. Бинобарин, Файзиободда 27-оила поликлиникаси учун ўтган йили қуриб битказилган икки қаватли кўркам ва шинам бино нафақат ҳудуд инфратузилмаси равнақида, балки тиббий хизмат тараққиётида ҳам муҳим аҳамият касб этди.

– Қишлоғимизда илгари бир қаватли, кўримсиз тиббиёт маскани бор эди. Унинг ўрнида янги, замонавий лойиҳа асосида оила поликлиникаси қуриб берилди. Янги тиббиёт даргоҳида хизмат кўрсатиш тубдан яхшиланганлигини эътироф этишимиз жоиз. Бундан аҳоли беҳад хурсанд. Бугун оила аъзоларимиз билан тиббий кўрикка келдик. Бизга жуда яхши тиббий хизмат кўрсатишди. Ҳатто, аниқланган касалликни даволаш учун бепул дори-дармонлар берилди. Бундан жуда мамнунмиз, – дейди меҳнат фахрийси Абдужаббор Отабоев.

Эндиликда қишлоқдаги тўртта маҳалла – Файзиобод, Ахси, Яккатом ва Қодирободда истиқомат қилувчи 13 минг нафардан ортиқ аҳоли малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлмоқда. Тиббиёт масканида "Аёллар маслаҳатхонаси", "Кундузги шифохона", диагностик лаборатория, УТТ ва ЭКГ текширувлари, стоматология, ҳатто "Электрон поликлиника" хизматлари ташкил этилган. 4 нафар умумий амалиёт шифокори, жарроҳ, гинеколог ва стоматолог аҳолига намунали хизмат кўрсатаётир. Тез тиббий ёрдам кўрсатиш шохобчаси поликлиника биносида жойлашган бўлиб, иккита тиббий бригада туну кун эл хизматида.

– Илгари қишлоқ аҳолиси туман марказига бориб, керакли тиббий кўрикдан ўтиб келарди. Энди бўлса, бунга асло ҳожат қолмади. Поликлиникамизда барча шароитлар яратилган. Айниқса, охирги русумдаги ультратовуш текшируви қурилмаси, ЭКГ ишга туширилганлиги, клиник лаборатория таҳлиллари шу ерда ўтказилаётганлиги эътиборга молик. Имкониятлар такомиллаштирилганлиги боис авваллари марказий шифохоналарда аниқланган касалликларни шу ернинг ўзида қайд этяпмиз. Аёллар ўртасида кузатиладиган бачадон бўйи ва кўкрак бези саратони каби касалликларга барвақт ташхис қўйиш имконияти яратилди. Қандли диабет ва гепертония касалликлари ҳам шулар жумласидандир,-дейди поликлиника бош шифокори Абдуманноп Аҳмедов.

Дарҳақиқат, қишлоқ аҳолисига кўрсатилатган тиббий хизмат миқёси кенгайиб, даражаси юксалаётганлигини бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизмати мисолида ифодалашга ҳаракат қилдик. Бу, соҳада кечаётган изчил ислоҳотларнинг беқиёс самараси, десак асло муболаға эмас.

Абдулла ҒОЗИЕВ.