https://cdn.trt.net.tr/images/xlarge/rectangle/fd16/da2c/40ab/56efa6579da7c.jpg?time=1677064882

Баҳор эшик қоқмоқда! Кўк тоқи тобора ёришаётир. Қуёш юзидаги булутий рўмолни илиқ шабодалар учириб юбориш ҳаракатида. Чунки Еримиз қуёшнинг чарақлаган дийдорини соғинган. Элимизнинг интизорлиги ҳам ундан сира-сира кам эмас.

Баҳор эшик қоқмоқда! Гўё бутун борлиққа қўнғироғини чалаётгандек. Кечаги кутилмаган совуқни ердан кўтариб, унинг ўрнига тафт юборди. Шундай тафтки, деворларнинг остида, ариқларнинг бурчида писиб ётган қору музларгача эриб кетди. Лекин бизларга қишки кутилмаган ҳолатга тайёр туришлик сабоғини бериб кетди.

Баҳор эшик қоқмоқда! Ариқларнинг лабида ялпизлар, қир-адирларда бойчечаклар ниш ураётир. Буғдойзорлар қишки усти-устига ёғилган табиий туҳфадан қувониб, ям-яшил гиламдек далаларга файз бағишламоқда. Боғу роғлардаги дарахт куртаклари баҳор гулига тўл­ғоқланиб турибди. Энг аввало, бодомлар, кейин эса гилос, ўрик, олмалар.

Баҳор эшик қоқмоқда! Унинг ташрифи одамларга жуда-жуда ёқмоқда. Совуқдан зада кўнгилларда эртанги офтобли кунларга интиқлик ўрнини ишонч ва умидлар қамрамоқда.

Баҳор эшик қоқмоқда! Бир ҳафтадан сўнг "Салом!" дея ўлкамизни кеза бошлайди. Барчамизни ҳаракатга солиб қўяди. Ўзидек ғайрат-шижоатли бўлишимизни талаб қилади. Ахир етар уйларимизда совуқдан қочиб, бекор ўтирганимиз. Баҳорнинг кунигина эмас, соатигина эмас, ҳатто дақиқаси эмас, ҳар сониясигача ғанимат!

Мўъжаз ҳовлимиздан бошлайлик тозаловни, ариқчалар, эгатлар ичидаги барча хазон чириндиларни йиғиштириб, ерларимизни яхшилаб юмшатайлик! Сепажак уруғларимизга, ўтқазажак кўчатларимизга эгат олайлик! Токларимиз новдаларини ишкомларга ёйиб, соч тарагандай теп-текис қилиб боғлайлик. Дарахтларимиз танасини оқлайлик! Кейин эса, кўча ёқасига чиқайлик. Ўтган-кетганнинг ҳавасини келтирадиган даражада тозалаб, супириб-сидириб, дарахту гулларимиз остини юмшатайлик! Кўрганнинг ҳаваси келсин саранжому саришталигимизга.

Баҳор уйғониш фасли, амал фасли, гул фасли, кўркамлик фасли. Унга етказганига мингдан-минг шукур. Гўзаллиги, кўрку тароватидан дилларимиз баҳра олади. Кайфиятимиз аълолик сари кўтарилади. Танимиз яйрайди. Унинг кўкатларидан турли таомлар тайёрлаб, зўр иштаҳа билан тановвул қиламиз, дармонимизга-дармон қўшилади. Демак, "илик узилди" палла тугаб, тетиклик ва бардамлик онларига қадам қўйяпмиз. Қисқа қилиб айтганда, баҳор ўзи билан бирга бир олам қувончу саломатлик олиб келади.

Қадамингга ҳасанот, баҳор!

Содиқ САЙҲУН.