Деҳқонлар, боғбону соҳибкорлар ризқ-рўзимиз яратувчиларидир. Уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлашда ғоят муҳим аҳамиятга эга. Мамлакат миқёсида давом этаётган "Қишлоқ хўжалиги ходимлари саломатлиги ойлиги"да амалга оширилаётган хайрли ишлар фикримиз далилидир.

Поп тумани далада ишловчилар тиббиёт ходимларининг меҳри ва эътибори оғушида бўлдилар. Айниқса, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи инсонларга нафақат маҳаллий шифокорлар, балки туман марказий шифохонаси ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалидан юборилган малакали саломатлик пос­бонлари ҳам тиббий хизмат кўрсатишди.

Навбаҳор маҳалласи туман марказидан анча йироқда жойлашган. Асосан фермер хўжаликларида меҳнат қилувчи аҳоли ҳар доим ҳам тажрибали шифокорлар кўригидан ўтиш имкониятига эга эмас. Ҳудудга тажрибали шифокорлар ташриф буюргани улар учун айни муддао бўлди. Оила шифокорлик пунктида кун бўйи тиббий кўрик давом этди.

Намангандан келган жарроҳ Давронбек Исломов қабулига кириб келган йигит ўзини Дилшод Эрназаров деб таништирди. Бемор оёғида безовта қилаётган ўсимтадан хавотирланиб шифокорга юзланди. Жарроҳ касаллик аломатларига қараб дарров ташхис қўйди ва қандай даволаниш юзасидан маслаҳатлар берди. Шу куни нафақат Давронбек, унинг ҳамкасблари Манзура Мирсаидова, Маҳмуджон Жалоловлар ҳам ўнлаб беморларнинг жонига оро киритишди. Уларни соғломлаштириш бўйича тегишли тавсиялар беришди.

– Ҳудудимизда 168 та фермер хўжалиги бор. Аҳолининг аксарияти далада меҳнат қилишади. Соғ­ломлаштириш ойлиги бошланганидан бери тиббий кўриклар изчил давом эттирилмоқда. Яқин кунларда 790 кишини саломатлигини тиббий кўрикдан ўтказиш чораларини кўряпмиз. Попдан ва Наманган шаҳридан тажрибали шифокорлар бу хайрли ишга сафарбар этилгани айни муддао бўлди. Кўплаб беморлар шу ернинг ўзида тиббий кўрикдан ўтиб, малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлишмоқда,-дейди врач Мавжуда Ҳолматова.

Яна бир олис ҳудудда Яккатут оила шифокорлик пункти жойлашган. Мазкур муассасада ҳам бир неча кундан бери фермерлар, уларнинг оила азолари ва қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Энди маҳалла саломатлик пос­бонлари сафига туман маркази ва Намангандан юборилган тажрибали шифокорлар ҳам қўшилишди. ОШП биносида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди.

РШТЁИМ Наманган филиали 2-кардиология бўлими врачи Муроджон Араббоев, Поп тумани тиббиёт бирлашмаси эндокринологи Умида Аҳмаджонова, лор шифокори Хайрулло Мавжудалиев ва бошқа мутахассислар кун бўйи тиббий хизмат кўрсатишди. Ҳудудга флюоромобиль юборилгани кўпчиликнинг узоғини яқин қилди. УТТ ва ЭКГ текширувлари чоғида ўнлаб касалликлар аниқланди. Энди уларни даволаш чоралари кўриляпти.

Жараён давом этмоқда.

Абдулла ҒОЗИЕВ.