Заҳириддин Муҳаммад Бобурга шундай таъриф ҳам жуда-жуда мос тушади. Ахир "Бобурнома"сида бошдан охиригача, яъни қаерга борса, қаерни кўрса, ўша жойнинг тасвирини рассомона чизиб беришга интилган.  Олам ва одамни бир-бирига боғлаб, бутун гўзалликларини сўзлар қатига жойлаб таърифлайди. Асар уч бўлимдан иборат битилган.

Биринчи бўлим Фарғонага бағишланади. "Фар­ғона вилояти бешинчи иқлимдандур, – деб ҳикоясини бошлайди Бобур Мирзо. – Маъмуранинг канорасида воқе бўлибтур. Шарқи Қошғар, ғарби Самарқанд, жануби Бадахшоннинг сарҳади тоғлар, шимолида агарчи бурун шаҳрлар бор экандур, мисли: Олмолиқ ва Олмату ва Янги ким, китобларда Тарозкент битирлар, мўғул ва ўзбек жиҳатдин бу тарихда бузулубтур, асло маъмура қолмабдур". Шуларнинг ўзиданоқ водиймизнинг умумий географик манзараси кўз ўнгимизда намоён бўлади. Сўнгра, унинг дарёлари тўғрисида сўз юритади. Гўёки харитасини чизиб беради: "Сайҳун дарёсиким, Хўжанд суйиға машҳурдур, шарқ ва шимолий тарафидин келиб, бу вилоятнинг ичи бирла ўтуб, ғарб сори оқар, Хўжанднинг шимоли Фанокатнинг жануби тарафидинким, ҳоло Шоҳрухияга машҳурдур, ўтуб яна шимолга майл қилиб, Туркистон сари борур...".

Атоқли географ олимимиз, профессор Ҳ. Ҳасанов Бобурнинг ҳаёти ва унинг географик меросини ўрганишда бир талай илмий-тадқиқотлар олиб борган. Ҳатто Афғонистон ва Ҳиндистонгача сафар қилган. Бобур ва унинг авлодлари яшаган жойларни, қолдирган ёдгорликларни кўздан кечирган. "Бобурнома"ни синчиклаб ўрганган. Натижада 1960 йилда махсус рисола битиб, уни "Заҳириддин Бобур сайёҳ ва олим" деб номлаган. Шоҳ ва шоирнинг табиатшунос олим, яъни географ, ботаник ва зоолог сифатида ҳам етарли билим, ақл-заковат соҳиби бўлганлигини аниқ мисоллар билан исботлаб берган.

Дарҳақиқат, шундай. Бобур Мирзонинг: "Андижон ношпотисидин яхшироқ ношпоти бўлмас", "Ахси қовунининг ҳеч нисбати йўқ эди", "Сайҳун дарё­сининг Ахси тарафи даштур. Оқ кийиги бисёр бўлур", "Фарғона вилоятида сафо ва ҳавода Ўш чоғлиқ қасаба йўқтур" деган таърифларига ҳеч бир муболаға аралашмаган. Булар ҳаётий ҳақиқатлар эътирофидир. Озар бобуршуноси Назим Сулаймонов айтганидай: "Ҳиндистон ўзининг табиат гўзалликлари, иқлими, наботот ва ҳайвонот олами билан бошқа ерлардан ажралиб туради". Олимнинг бу фикри Бобур битикларига асосланган, албатта. "Бобурнома"да: "Ҳиндистон аввалги иқлимдин ва иккинчи иқлимидин ва учинчи иқлимидиндур. Тўртинчи иқлимдин Ҳин­дис­тонда йўқтур".

Мутолаада давом этар эканмиз, Кобулнинг тасвири ва тавсифи ҳам кенг ва атрофлича баён этилган. Чунки Бобур бу ерда кўп яшаган, кузатганларидан хулосалар ясаган.

Мана, қўлимизда 2014 йилда нашр қилинган "Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси". Унинг ичида 50 та ўсимлик, мевали дарахт ва полиз эканлари ҳамда 53 та ҳайвон ва қуш тасвирлари илова ҳолида жойланган. Буларнинг барчаси "Бобурнома"даги маълумотларга мувофиқ суратга олиниб, алоҳида тартиб берилган.

Бобомиз наинки Ўзбекистон, балки шарқ дунёси ўлкашунослиги илми тараққиётига ҳам салмоқли ҳисса қўшган. Қисқа умр давомида умрбоқий битикларни ўз китобига жамулжам этган.

Муҳайё  МАҲАММАДЖОНОВА,

географ-ўлкашунос ўқитувчи