Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномасида биз – тиббиётчиларга тааллуқли қатор муҳим вазифаларни ҳам баён этиб бердилар. Уни эшитиб ва ўқиб, кўнглимизда эртанги кунга ишончимиз янада мустаҳкамланди. Жумладан, Юртбошимиз "Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз" деб алоҳида таъкидладилар.

Инсондаги барча кўникмалар болаликдан шакллантирилса, кутилган натижаларга эришилади, албатта. Шу нуқтаи назардан фикр юритсак, бизнинг болалар сиҳатгоҳимиз жамоаси олдидаги вазифалар ҳам жуда масъулиятли. Ахир танасида касаллик нишоналари ёки асоратлари бўлган ўқувчи ўғил-қизларга хизмат кўрсатамиз. Янги йилда фаолиятимизни тобора такомиллаштириб борамиз. Аввало, болаларга малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатамиз. Мавжуд физиотерапия бўлимида қўшимча қулайликлар ва шароитлар яратамиз. Маъданли сув билан даволашни кўпайтирамиз.

Жисмоний машқ имкониятларини муттасил кенгайтирамиз. Бунинг учун спорт залини янги замонавий тренажёрлар билан жиҳозлаймиз. Болаларнинг фаол ҳаракатга ўргатамиз.

Тўғри овқатланиш ва соғ­лом турмуш тарзига алоҳида эътибор қаратамиз. Ошхона бўлимида овқатланиш рацио­нини бойитамиз. Болалар иммунитетини кўтарувчи маҳсулотлардан самарали фойдаланамиз.

Сиҳатгоҳимизда даволанишга эҳтиёжи бўлган болаларнинг ота-оналарни билан алоқаларимизни кучайтирамиз. Поликлиникалар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорлигимизни изчил давом эттирган ҳолда эртамиз эгалари бўлган болаларга ғамхўрликни янада яхшилаймиз.

Биз соғлом турмуш тарзини болаликдан шакллантирсак, улар бугун ҳам, келгусида ҳам турли касалликларга чидамли, соғлом ва бақувват инсонлар қаторига қўшилишаверади.

Муҳаббат ЭСОНБОЕВА,

«Чортоқ» болалар сиҳатгоҳи бош врачи.