Биз оромгоҳ ҳаёти билан яқиндан танишдик. Барча зарур шароит ва имкониятлар яратилган ушбу масканда Дилмурод Ходиев раҳбарлигида ишчи-ходимлар эртамиз эгаларига намунали хизмат кўрсатишмоқда. Туман тиббиёт бирлашмасидан юборилган олий тоифали шифокор Зулҳумор Умарова, ҳамшира Фотима Ҳошимовалар тозаликни ва болажонлар саломатлигини қаттиқ назоратга олишган. Санитария-гигиена қоидаларига риоя этилишига, таомномани сервитамин мева ва сабзавотлар билан бойитилишига шифобахш хусусиятга эга сервитамин фиточойларни тайёрлаб берилишига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Оромгоҳда уюштирилаётган турли туман маърифий кўнгилочар тадбирлар ўғил-қизларга завқу-шавқ улашаётган бўлса, "Заковат", "Оромгоҳ маликаси", "Ораста қизлар", "Балли йигитлар", "Ёш мусаввир" каби танловлар истеъдод ва иқтидорларини намойиш қилиш имконини берди. Айниқса, спорт тўгаракларда улар янада соғ­ломлаштирилиб, янада чиниқтирилмоқда.

- Қисқа вақтда оромгоҳ севимли масканимизга айланди. Бу ерда кўплаб дўстлар орттирдик, - дейди Учқўр­ғон тумани 1-мактаб ўқувчиси Фарзона Турсунова, - Мактабда олган билимларимизни янада бойитдик. "Моҳир қўллар", "Инглиз тили сабоқлари" тўгараклари жуда ёқди. Айниқса, шифокоримиз Фотима Ҳакимованинг соғлом турмуш тарзига оид барча маслаҳатларига амал қилиб, саломатлигимизни асраш ўзимизга боғлиқ эканлигини тушуниб етдик. Гўзал Каримова, Нозигул Комилова, Маҳбуба Турдалиевадай тарбиячи опаларимиз ғамхўрликларидан беҳад миннатдормиз.

Мавсум сўнггигача оромгоҳда истиқлол фарзандларидан 800 нафари кўнгилли ҳордиқ чиқаришади.

Манзура ЭРГАШЕВА.