- Бизга маълумки, тиббиётнинг кўҳна анъаналари бугун учун ҳам ғоят фойдали. Бир пайтлар табиблар беморларни даволашда табиий гиёҳлардан керагича фойдаланишган. Ҳозирда ҳам хусусий тадбиркорлик билан машғул халқ табобати вакилларининг асосий дори-дармони юртимиздаги гиёҳлардан тайёрланади. Ихлос қўйган беморларга тавсия этилади. Шундай экан, давлатимизнинг даволаш-профилактика муассасаларида бунга эътиборни кучайтириш вақти келмадимикин?

- Келди, келганда ҳам ҳаётнинг ўзи талаб этаётибди. Сабаби, гиёҳдамламалар жуда арзон, мутлақо безиён. Химикатлардан, сунъий қўшилмалардан ҳоли, тоза тупроқ, тоза сув ичиб, тоза ҳавода ўсган тоғ ўсимликлари айниқса бебаҳо. Буни кексалар билишади-ю, ёшларимизниям бохабар этишимиз муҳимга ўхшайди. Чиройли қутиларда, чиройли шаклда кўзга ташланиб турадиган дорилар таъсир кучини инкор этмаган ҳолда улар берган давони ўзимизнинг гиёҳларимиз дамламаларидан бемалол топиш мумкинлигини тушуниб етишимиз зарур. Ахир барча тармоқларда бўлгани каби мустақиллик йилларида соғ­лиқни сақлаш тизимидаям хусусийлаштириш билан бир вақтда пуллик хизматни жорий қилиш учун ҳуқуқий кафолатлар қонунларда белгилаб қўйилган. Фақат берилган эркинликдан қонунга мувофиқ фойдаланиб, белгиланган меъёрий ҳужжатлар талаби доирасида фаолият юритилса бас.

- Давлат миқёсида қандай қарорлар қабул қилинган, вазирлик тизимида қандай тадбирлар белгиланган?

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2013-2016 йилларда қишлоқ жойларида хизматлар соҳаси ва сервисини ривожлантиришни жадаллаштиришга доир қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-1957-сонли қарори мазкур фаолиятга бевосита дахлдордир. Биз ўтган йилнинг бошларидаёқ бу ишга астойдил киришилишини таъминлаш мақсадида вилоят кардиология марказида, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, 3-оила поликлиникасида, шаҳар ва туманларнинг тиббиёт бирлашмаларида биттадан муассасада намунали фитобарлар ташкиллаб, кўргазмали семинарлар уюштирганмиз. Қишлоқ врачлик пунктларида шундай хизматни ташкиллаш айни муддаодир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг селектор йиғилиши кун тартибига мазкур масаланинг киритилиши ҳам бежиз эмас. Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги томонидан бу соҳада аниқ вазифалар белгилаб берилган. Энди долзарб топшириқлар масъулиятини чуқур ҳис этиб, фаол иш олиб бориш шарт.

- Ҳозиргача қилинган ишларни, рақамларни шарҳлаган ҳолда қисқача ифодалаш мумкинми?

- Албатта. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Аҳолини соғломлаштириш ва беморларни доривор гиёҳлар билан тайёрланган дамлама (сок)лар билан таъминлаш" вазифаси юклатилган 306-сонли буйруғи асосида ҳозиргача 39 та даволаш-профилактика муассасаларининг бўлимларида фитобарлар очилди. Шундан 12 та муассасада пуллик, 27 тасида бепул дамламалар беморларга сотиляпти ва тарқатиляпти. Шунингдек, 105 та ҚВПда фитобарлар хизмати бепул. ҚВПлардаги 59 та ижтимоий дорихоналарда фитобар мавжуд. ҚВПлардан 500 метр атрофидаги узоқликда жойлашган 53 та хусусий дорихонада ҳам доривор гиёҳ ва дамламалар савдоси билан шуғулланилаётир. Айни маҳалда фитобарлар сони кўпаймоқда. Иш фаолиятини эса доимий назоратга олганмиз.

- Янги очадиганларга аниқ тавсиялар етказилаётгандир?

- Бу биринчи даражали масала ҳисобланади. Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган 106 турдаги доривор гиёҳлардан тегишли мутахассислар иштирокида танлаб олинган қуйидаги 5 туридан фитобарларда фойдаланиш мақсадга мувофиқдир, дала қирқбўғин ўти, мойчечак гули, наъматак меваси, ялпиз барги, кийик ўтидан дамлама чойларни беморларга ичириш билан уларнинг саломатлиги тезда мус­таҳкамланади. Негаки булар диуретик, антигипертензив спазмолитик гуруҳлар қаторида туради. Витаминлик хусусиятигаям эга. Шамоллашларга тез таъсир ўтказади.

- Демак, фитобарлар барча тиббиёт муассасаларида очилиши ва ишлаши ғоят муҳим. Эл саломатлигини сақлашда табиий неъматларнинг ўрни беқиёс. Фақат беморлар шифокорлари билан бамаслаҳат уларни ичишлари кутилган самара беришини ёддан чиқармасалар бўлгани.

Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.