Вилоят  стоматология  поликлиникаси мажлислар залида соғ­лиқни сақлаш тизимида ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Уни ВССБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр  Нуралиев олиб борди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлими ходими Муҳаммаджон Абдуллаев вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли айрим тиббиёт муассасаларида кузатилаётган қонунга зид хатти-ҳаракатлар ҳақида маъруза қилди. Нотиқнинг таъкидлашича, соҳада корруп­цияга қарши кураш ишлари кучайтирилаётганлигига қарамай ҳамон таъмагирлик ва бош­қа қонунбузилиш ҳолатлари камаймаяпти.

Қайд этилишича, қатор туманлар тиббиёт бирлашмалари ва вилоят даволаш-профилактика муассасалари ходимлари томонидан содир этилаётган жиноятлар бунга яққол далилдир. Тиббий ҳужжатларни сохталаштириш, фирибгарлик, хизмат мавқеини суис­теъмол қилиш ва порахўрлик каби ҳуқуқбузарликлар кейинги пайтда айниқса кўпайган. Чуст, Косонсой, Норин, Тўра­қўр­ғон, Давлатобод, Янги Наманган туманлари тиббиёт бирлашмалари тизимидаги тиббиёт муассасаларининг айрим нопок ходимлари жиноят устида ушланган. Уларга қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чоралари тайинланади, албатта. Чунки, жиноятга - жазо муқаррар.

Йиғилишда тизимни коррупциядан холи соҳага айлантириш юзасидан фикрлашиб олинди. Бунинг учун тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, саломатлик посбонлари ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ишга қабул қилишда адолат тамойилларини ўрнатиш, порахўрлик ва бошқа коррупциявий ҳолатларнинг пайини қирқишга кўмаклашган тиббиёт ходимларини рағбатлантириш муҳимлиги айтилди.