Косонсой туманидаги Худойбердиев қишлоқ врачлик пунктида яқинда кўргазмали семинар ўтказилди. Унда иштирок этган тумандаги барча қишлоқ врачлик пунктлари мудирлари, ҚВПларнинг маънавий-маърифий ишларга масъул ходимларига муассасани ободонлаштириш, бинога кўргазмали тарғибот воситаларини ўрнатиш, "Маънавият ва маърифат хонаси"ни жиҳозлаш, ходимлар ва фуқаролар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш жараёнлари амалий тарзда кўр­сатилди.

- "Ободлик кўнгилдан бошланади" деганларидек, ишни ҳудудни ободонлаштириш, гул экиш ва бинони таъмирлашдан бошладик, - дейди ҳамшира Назокат Парпиева. - "Маънавият ва маърифат хонаси"ни туман тиббиёт бирлашмаси Маънавият ва маърифат кенгашининг амалий мадади билан шу кўринишга келтирдик.

ТТБ маънавий-маърифий ишларга масъули Мансуржон Ҳолматов йиғилганларга қишлоқ врачлик пунктларида "Маънавият бурчаклари"ни ташкиллаш бўйича йўл-йўриқлар берди.

- Кўриб турганингиздек, аввало "Давлат рамзлари" жойлаштирилади, - деди у. - Қолаверса, кўргазмали тарғибот воситалари, жумладан, "Маънавият" нашриётида чоп этилган янги плакатлар тўплами тартиб билан ўрнатиб чиқилади. Шунингдак, Президент асарларидан намуналар, даврий нашрлар йиғма жилди қўйилади. Турли маърифий тадбирлар, хусусан "Маънавият соатлари" изчиллигига эришиш ғоят муҳим. Ҳужжатларни белгиланган тартибда юритиш масъулиятини ҳам унутмаслик лозим.

Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Файзулло Ҳафизов андозавий тарзда мукаммал таъмирланган қишлоқ врачлик пунктидаги иш тажрибалари туманга кенг ёйилиши учун анжуман тавсиялари асосида иш ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Маънавият ва маърифат Кенгаши масъул котиби, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев тизимда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишларнинг асосий йўналишлари хусусида тўхталди.

- Олис қишлоқ тиббиёт масканида шу қадар ўзгаришлар ясалгани диққатга сазовор, - дейди "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма йиллиги" қишлоқ врачлик пункти мудири Матлуба Ғаниева. - Демак, ҳаммаси изланишга боғлиқ экан. Бугун ўрганганларимизни муассасамизда кенг жорий этишни мақсад қилдик.

Дарҳақиқат, "Интилганга толе ёр", дейди доно халқимиз. Қишлоқ тиббиёт муассасаси аҳил жамоасининг эл саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳоли тиббий маданиятини ва маънавиятини юксалтириш учун бошлаган эзгу ишлари ижобий самара беришига ишончимиз комил.