- Икромжон, биздан кўра Сизга яхши аён. Негадир ногиронликка ҳужжат тўплаётганлар камаймаётгандек туюлади. Баъзилар саломатлигини тиклашдан кўра, ишини ташлаб, нафақага кўникиб ўтиришни афзал билишаётганга ўхшамаяптими?!

- Гапингизда жон бор. Яширишдан на ҳожат. Аввало, биз касаллик ҳужжатларини синчиклаб ўргангач, беморнинг ҳолатини яна бир марта тиббий назоратдан ўтказамиз. Касалликлари енгиллашгунича, дастлаб бир йил муддатга ногиронликни белгилаймиз. Шу орада улар даволанишни давом эттиришлари шарт. Бунинг учун вилоятдаги реаблитация марказига ҳам йўлланма берамиз. Келгуси йили комиссия яна кўриб чиқади. Ҳолати енгиллашса, иккинчи гуруҳдан учинчи гуруҳга ўтказилади ёки ногиронликдан чиқарилади. Афсуски, айримлар ногиронликка ружу қўйишиб, гуруҳда юришни хоҳлайдилар. Нафақа илинжида энг қимматли бойлигини тобора йўқотаётганликларини тушуниб етмайдилар.

Ҳатто номига уч-тўрт бор шифохонага ҳам ётадилар. Тузалишларига умид қилмай қўядилар. Соғайишга интилиш ўрнига касалликни тасдиқловчи ҳужжатлар кераклиги учунгина врачларга мурожаат қиладилар, холос.

- Буни билсаларинг-чи?

- Билсак, аниқроғи, ногироннинг ҳолати яхшиланганини сезсак, шу тўғрида комиссия аниқ хулосага келса, шубҳасиз ногиронликни рад этамиз ёки гуруҳини ўзгартирамиз. Меҳнатга қайтарамиз. Гарчи улар норизо бўлишса ҳам эринмай, ётиқчасига тушунтирамиз.

- Йилнинг ўтган беш ойида шундай ҳолатлар учрадими?

- Албатта. 740 дан ортиқ киши ТМЭКга мурожаат қилди. Улардан 685 нафарига ногиронлик гуруҳи белгиладик. Реаблита­ция­га жалб этилганлардан 21 нафари тўла соғломлаштирилиб, меҳнат фаолиятига қайтди. ТМЭКга киритмай, маслаҳат бериб жўнатганларимиз ҳам анчагина.

Саломатлиги бироз яхшилангани билан кутилган натижа бермаганлар ўз гуруҳларида қолдирилди. Енгиллашганларининг гуруҳлари меҳнат қобиляти тикланиб, 2-гуруҳдан 3-гуруҳга туширилди.

- Ногиронлик даражасини белгилашда врачлар томонидан тўлдирилган ҳужжатлар асос қилиб олинишини назарда тутсак, бу борада шифокорларнинг масъулияти қандай?

- Қонун талаби, тиббиёт қоидаларига мувофиқ ҳалол ва фаол ишлаётган аксарият врачларимиз мазкур масалага жиддий эътибор қаратишмоқда. Натижада ортиқча "тортишув", асоссиз гап-сўзларга ўрин қолдирилмаяпти. Ҳамкорлигимиз ўзаро ишонч ва талабчанлик мезонига мувофиқдир. Адолатли хулоса- ўз вақтида кўрсатилган ғамхўрликдир. Ногиронлик вақтинча ҳоллигини ҳеч ким унутишига ҳаққи йўқ. Мақсад-инсон саломатлиги, унинг тўғри ижтимоий ҳимоясини таъминлашдан иборатдир.

Суҳбатдош С. ТОЖИБОЕВ