Тиш даволовчи олий маълумотли дўхтирга дастлаб шаҳар стоматология поликлиникасида ярим ставка иш топилди, холос. "Тез ёрдам" станция­сида вақтинча навбатчиликда туришига ҳам тўғри келди. Ёшлик куч-ғайрати уни ҳар икки жойда намунали фаолият юритишига имкон бергани учун раҳбарлар назарига тушишига унча кўп вақт кетмади. Беш-олти ойдаёқ юксак салоҳияти-ю, ташкилотчилик қобиляти яққол сезилди. 1968 йили 1 январдан Наманган вилояти қайта ташкиллангач, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Носиржон Шарипов Мамадалихонни ёнига чорлади. Инспекторлик вазифасини зиммасига юклади. Катталарнинг раъйига қарши боролмаган йигит тиббий амалиётини тўхтатиб, ташкилотчилигу, қоғоз қоралаш билан кечадиган янги вазифага сира кўниколмади.

- Носиржон ака, - деди у бир куни мавридини топиб, - бу ишимга ҳеч кўниколмаяпман, ёнингизда юраверганим яхшику-ю, лекин ўз соҳамдан узоқлашиб қолишимни ўйлаб сиқил­япман. Агар рухсат берсангиз...

- Биз билан ишлаш ёқмаса, вақтида стоматология соҳасида ўрнингизни топганингиз маъқул, - деди бошлиқ кутилмаганда Мамадалихонни - тўғри тушуниб. - Майли, яна ўз жойингизга қайтарамиз, энди шаҳар эмас, вилоят стоматология поликлиникасига ўтказамиз. Сиз ўша ерда зарурсиз.

- Ўша кезларда яхши инсонларнинг қўл остида фаолиятимни давом эттирганим учун ишим юришиб кетди, - дея эслайди бугун мамнуният билан Мамадалихон Қаюмов. - Биринчи устозим Ботир ака Ҳожиев раҳномолигида тиш даволашнинг энг нозик сир-асрорларига ўрганишга тиришдим. Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида малака ошириб, ортопед-врачлик мутахассислиги бў­йича ихтисослашдим. Ортопед Акрамжон Парпиев, терапевт Римма Абдужалиловалардек тажрибали ҳамкасблар кўмагидан ҳам баҳрамандлик насиб этди.

У дастлаб поликлиника креслосига ўтирган ҳар бир беморни, аввало, тишларини бирма-бир обдон текширишдан эринмасликни ўзлаштирди. Даволашга муҳтожларини эса сира назардан қочирмасликка одатланди. Энг муҳими, беморнинг юрагидан оғриқ азоби қўрқувини қувишнинг минг турфа санъатини эгаллади. Беозорлик- мижозларни кўпайтиришини стоматологлар яхши билишади-ю, бунинг уддасидан энг моҳирларигина чиқа олиши мумкин-да. Мамадалихон қўлидаги омбурига "сеҳр боғлаш"нинг устасига айланишга интилди ва борган сайин ўз касбини мукаммал эгаллади. Бу борада 1982 йили Москвадаги марказий стоматология илмий-тад­қиқот институтида сабоқланди. Энг замонавий тиббиёт фани ютуқларини амалиётда дадил қўллашда вилоят стоматологларининг олдинги сафларида турди.

Маълумки, ортопеднинг вазифаси табиийси яроқсизланган тишлар ўрнига сунъийсини қўйиш - "32 сафдош"ни бутлашдан иборат. Унинг ёнма-ён кўмакчиси тиш ясовчи техниклардир. Ўлчову қолипларини олишни, унга қуюлган тиш маҳсулотини чархлаб, ўрни-ўрнига солишни дўндириш ортопеддан ўта аниқликда, техник билан бамаслаҳат ҳамкору ҳамнафасликда ҳаракат қилишни талаб этади. Бундай мураккаб ва нозик ишнинг ҳадисини олган Мамадалихон Қаюмов йилдан йилга соҳа устаси мақомида тиш оғриғидан азоб чекканларнинг дардига малҳам қўйди. Жонига оро киритди. Оғзига ва юзига гўзаллик бағишлади.

Зеро, соғлом ва бут тишлар инсонга чирой ато этади. Кўпгина хасталикларнинг авжланишига йўл бермайди. Аксинча, кемшиклик -озиқ тишларнинг касалланиб йўқолиши инсон ошқозонига қимматга тушади. Яхши чайналмаган овқат қоринда зўриқишни кучайтиради. Меда-ичак фаолиятини издан чиқаради. Мамадалихон Қаюмов бундай салбий ҳолатга дучор бўлмасликнинг ягона йўли тишларни тоза тутиш, милкларни турли инфекциялардан ҳимоялаш, эрта бой берилган табиий тишлар ўрнини тезроқ, кечикмай сунъийси билан тўлдириш эканини беморларга уқтиргани-уқтирган. Баъзи ортопедларга ўхшаб "Тиш қўйсам бас, у ёғи мижознинг муаммоси"деган лоқайдлик кайфиятидан қарийб эллик йилдан буён бегона.

Эҳ-ҳа, "Умр - оқар сув" деганларича бор экан, ҳозирда 71 баҳорни қаршилаганига қарамай, ҳамон ёшлардек бардам, ҳамон ҳаётга муҳаббати баланд, ҳамон эл саломатлиги жонкуяри, ҳамон поликлиникаси шаънини, шуҳратини юқори тутишга масъуллик ҳиссига ошно. Шу боис, нафақага чиққанига ўн олти йилдан ошган бўлса-да, пенсия олиб, уйда оёғини узатиб ётишни истамайди. Чунки, поликлиникасиз умрини тасаввур эта олмайди. Қадрдон жамоада қадр топганидан кўнгли чоғланадиям, тоғланадиям.

Яхши раҳбарлар, яхши ҳамкасблар, яхши устозу, яхши шогирдлар билан ўтган ва ўтаётган дамлари умр дафтарини безагандан безайверади.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми келгуси сонда).