Гиёҳвандлик - бу сурункали, тез ривожланадиган касаллик. Чекишга ёки истеъмол қилишга шундай одатланиладики, унинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Хумори тутганида кишининг кўзига ундан бошқа нарса кўринмай қолади. Қачонки, топгандагина "тинчланади". Бу вақтинча, яна ўша гирдоб уни азобга тортаверади. Ҳеч ким бундай дардга асло мубтало бўлмасин. Охир оқибат оиласига ҳам, атрофидагиларга ҳам хавфли кимсага айланади.

Гиёҳвандликнинг, нашавандлик, героинизм, барбитуромания ва полинаркомания турлари мавжуд. Барчаси учун умумий белги "хумор" тутишидир. Шундай пайтда нафас олиши ва юрак уриши тезлашади. Танада титроқ туради. Бадан увишади, қўл-оёқ мушаклари тортишади, қақшаб оғрийди. Бемор ўзини қўярга жой тополмай қолади. Қаердан ва қандай қилиб бўлмасин наркотик модда топишга ҳаракат қилади. Асабийлашади, жаҳл­дор бўлиб, ўзини бош­қариши қийинлашади. Турли қонунбузарликкача боради. Жиноятдан тап тортмайди.

Наркотикларни инъекция орқали қабул қилувчилар орасида ОИВ, ОИТС орттириб олиш ҳолатлари учраётгани янада аянчли. Дарди бедавога мубталоликни ўзларининг бошларига солаяптилар. Ке­йинги пушаймон эса кеч...

Гиёҳвандларни даволаш мумкину, лекин мураккаб ва узоқ давом этади. Босқичма-босқич амалга оширилади. Гиёҳванд моддага мойиллик дори-дармонлар билан ва психологик ёрдам, яъни инсонга руҳий таъсир кўрсатиш орқали даволанади. Бизнинг диспансеримиз жамоаси бундай беморларни самарали соғайтиришга қодир. Фақат вақтида, кечикмай мурожаат этиш лозим.

Мамлакат АДАШЕВА,

вилоят наркология диспансерининг олий тоифали ҳамшираси.