Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Қонунда кўзда тутилган қулайликлар республикамиздаги барча ишбилармонлар сингари Наманган вилояти бизнес тузилмалари эркин фаолият юритиши учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, ҳуқуқий ҳужжатда электрон тижорат кўринишдаги шартномаларнинг тузилиши, бевосита масофадан туриб амалга оширилиши тадбиркорларимизнинг қимматли вақтларини тежаш ва у билан боғлиқ сарф-харажатларнинг кескин қисқартириш имконини беради.

Янги таҳрирдаги Қонунда электрон тижорат соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва у электрон тижорат соҳасига махсус ваколат берган давлат органи томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Яъни Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг электрон тижорат соҳасидаги ваколатлари белгиланган. Унга кўра:

мамлакатимиз ҳукумати электрон тижорат соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди;

электрон тижорат соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва амалга оширади;

давлат органларининг электрон тижорат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

электрон тижорат соҳасидаги халқаро ҳамкорликни таъминлайди.

Қонуннинг 8-моддасида махсус ваколатли давлат органининг электрон тижорат соҳасидаги ваколатлари мустаҳкамланган.

Хусусан, махсус ваколатли давлат органи:

электрон тижорат соҳасидаги давлат дастурларини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этади;

бошқа манфаатдор давлат органлари ва ўзга ташкилотлар билан биргаликда, ўз ваколатлари доирасида элек­трон тижорат соҳасидаги стандартлар, нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

электрон тижоратни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

электрон тижорат иштирокчиларининг хуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўради;

электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда ва уларнинг ижросини таъминлашда иштирок этади;

электрон тижорат соҳасидаги тадқиқотларни ва мониторингни ташкил этади.

Бундан ташқари Қонуннинг 9-моддасида қайд этилишича, электрон тижоратдаги шартнома фақат ахборот тизимларидан фойдаланилган ҳолда тузилганлигига асосланиб хақиқий эмас деб топилиши мумкин эмас. Электрон тижоратда шартнома тузиш хақидаги таклиф, яъни оферта электрон ҳужжат тарзида тузилади. Электрон тижорат иштирокчисининг оферта қабул қилинганлиги тўғрисидаги жавоби электрон ҳужжат ёки электрон хабар тарзида ёхуд офертада кўрсатилган шартларни бажариш бўйича ҳаракатларни содир этиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.

10-моддада электрон тижоратда товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи ёки уларнинг харидори бўлган юридик ва жисмоний шахс электрон тижорат иштирокчиси сифатида белгиланган. Электрон тижоратда товарларни сотувчи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади. Шунингдек, Қонуннинг 11-моддасида электрон тижорат иштирокчисининг хуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилган.

"Электрон тижорат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Қонунини амалиётга жорий этилиши иқтисодиётимизнинг инновацион даражасини юксалтириш, тадбиркорликни янада равнақ топтириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, халқаро стандартларга уйғун технологик бозор инфратузилмасини ташкил этиш учун янги қулайликлар тақдим этади.