Юртимиз саломатлик пос­бонларини улуғлашга бағишланган бу машҳур қўшиқ Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасалар вакиллари иштирокидаги байрам тадбирининг мадҳиясига айланиб кетди, десак муболаға эмас. 12 ноябрь куни соҳада узоқ йиллар самарали хизмат кўрсатиб, эл олқишига созовор бўлаётган 400 нафарга яқин энг фаол шифокорлар, ҳамширалар ва кичик тиббиёт ходимлари "Шодиёна" тантаналар мажмуасига жамул-жам бўлдилар.

Таъкидлаш ўринлики, вилоят маркази тиббиёт ходимлари аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатишда салмоқли ютуқларга эришмоқдалар. Соғлиқни сақлаш тизимида кечаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишда, соҳага илғор тажриба ва янги технологияларни тадбиқ этишда алоҳида ўрнак кўрсатмоқдалар. Оилавий поликлиникалар жамоаларининг тизимга янги механизмларни жорий этишдаги жонбозлиги эътирофга лойиқ. Жумладан, Наманган шаҳар марказий шифохонаси оториноларингологи Нурлан Дўланбоев, Давлатбод тумани тиббиёт бирлашмаси неврологи Исомиддин Салоҳиддинов ва патронажи Хуршида Хўжамбердиевалар "Йилнинг энг яхши шифокори" кўрик-танлови вилоят босқичида тегишли номинациялар бўйича ғолиб чиққанликлари фикримиз далилидир.

Тантанали маросимда сўзга чиққан Наманган шаҳар ҳокими Ғафуржон Жамолов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов ва Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шокирбой Ҳайдаровлар эл дардига дармон бўлаётган жонкуяр тиббиёт ходимларини касб байрами билан қутладилар ва уларнинг хайрли ишларига омадлар тиладилар.

Маросимда бир гуруҳ илғор соғ­лиқни сақлаш ходимларига шаҳар ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди. Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй ва қўшиқлар байрамга ўзгача завқу шавқ бағишлади. Шодиёна шарофати билан шарафли касб эгалари қувнаб-ярадилар.