Давлатобод туманидаги "Олмос" тантаналар уйида Тиббиёт ходимлари кунига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Унга вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамият саломатлиги бошқармаси тизимидаги муассасаларда фаолият олиб бораётган фаоллар таклиф этилди.

Тадбирни вилоят СЭО ва ЖСБ бошлиғи Мамасоли Тўрабеков кириш сўзи билан очди. Нотиқ соҳа ходимларини қутлуғ байрам билан муборакбод этар экан, уларнинг пандемия машаққатларини мардонавор енгишдаги, аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёнидаги жонкурликларини алоҳида эътироф этди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов саломатлик посбонларини Тиббиёт ходимлари куни билан қутлади ва бир гуруҳ илғорларга ВССБнинг Фахрий ёрлиқларини топширди.

Тантанали маросимда меҳнат фахрийси Абдурашид Убайдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, "Наманган ҳақиқати" газетаси бўлим мудири Рислиқхон Мажнунова ва бошқалар ҳам санитария-эпидемиология ва жамият саломатлиги хизмати ходимларини касб байрамлари билан самимий табриклар эканлар, уларнинг эл саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш борасидаги фидойиликларига эътиборни қаратдилар.

Байрам тадбирига таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тантанаворлик ато этди. Маросим ниҳоясида узоқ йиллар сидқидилдан хизмат қилиб, соҳа ривожига алоҳида ҳисса қўшган ходимларга эсдалик совғалари топширилди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.