Шу куни болалар масканида эрта тонгданоқ карнай-сурнай садолари янгради. Ҳовлида эса бир гуруҳ ногирон болалар тарбиячилари ҳамроҳлигида бадиий дастурга мувофиқ авжга чиққан куй-қўшиқ, рақслар завқидан қувнаб-яйрашди. Бош врач Назирахон Ҳамдамова бошчилигида саф тортган тиббиёт ходимлари узлуксиз ташриф буюраётган меҳмонларни мамнуният билан кутиб олишмоқда. Кимдир гулдаста, кимдир ширинлик, кимдир ўйинчоқ кўтариб олган. Катта юк машинасида совға-салом олиб келганларга тасаннолар айтилди. Вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, соғлиқни сақлаш тизимидаги муассасалар, халқ таълими, жамоатчилик вакиллари, талабалар ва ёшлар болалар уйида парваришланаётган кичкинтойларнинг дилини хушнуд этиш, уларга далда бериш ниятида келиб-кетишди.

Байрам тадбирида сўзга чиққан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов истиқлол йилларида мамлакатимизда юз берган буюк ўзгаришлар, ижтимоий соҳа ривожи учун кўрсатилаётган юксак эътиборлари ҳақида фикр юритди ва болажонларни байрам билан муборакбод этди.

Худди шундай тадбир вилоят болалар сил касалликлари шифохонасида ҳам бўлиб ўтди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош педиатри Дилфуза Болтабоева ва бошқалар республикамизда ёш авлоднинг жисмонан соғлом, маънавий етук бўлиши учун, чуқур билим олиши, ўз истеъдодини юзага чиқариши учун кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликлар ҳақида гапирдилар. Байрам шукуҳи келажагимиз ворисларини ғоят шодлан­тирди.