Вирусларнинг асосий манбаи каналар ҳисобланади. Улар вирусларни бутун умри давомида ташийди. Қўй, эчки, сигир, каламуш, сичқон, қуён каби иссиқ қонли ҳайвонлар касалликнинг табиий ўчоғи ҳисобланади.

Касаллик каналар чақиши ёки уларни қўл билан эзиб ўлдириш орқали юқади. Каналар ҳайвонларда паразитлик қилиб яшайди. Ҳайвонлар бу касаллик билан оғримайди. Бироқ уларнинг қонида вирус клиник белгиларсиз, яширин ҳолда кўпаяди. Шунинг учун касаллик одамга сўйилган уй ҳайвонларининг қони орқали ҳам юқиши мумкин.

Уй шароитида боқиладиган ҳайвонлар кундузи далаларда, кечалари зах, тозаланмаган оғилхона, молхоналарда боқилганда каналар кўпайишига шароит туғилади. Айниқса, май-август ойларида фаолроқ ҳаракат қилиши кузатилган.

Вирус организмга тушиши билан касалликнинг яширин даври бошланиб, бир неча соатдан 2-7 кунгача давом этади. Бемор ҳарорати кўтарилади. Бадани совуқ қотади. Қалтираш, мушакларининг оғриши юз беради. Кўриш қобилияти бузилади. Кўздаги қон томирлари ёрилиши натижасида кўз қизаради. Баданга майда тошмалар тошади. Қон тупуриш, қоринда оғриқ, баъзида қон қусиш кузатилади. Нажаснинг қорайиши билан ҳам намоён бўлади.

Эслатиб ўтамиз, касалликка чалинмаслик учун унинг олдини олиш муҳим. Уй ҳайвонлари боқишда, молхоналарни тозалашда махсус ҳимоя кийимлари ва қўлқопларидан фойдаланинг. Ҳайвонлар каналарини мунтазам текшириб туринг. Аниқланса, дарҳол ветеринария хизматига мурожаат қилинг.

Уй ҳайвонлари каналарини зинҳор қўл билан терманг ва эзиб ўлдирманг! Махсус дизенфекция воситаларидан фойдаланинг. Каналари аниқланган молларни боқиш, молхоналарни тозалаш ишларига болалар, ҳомиладор аёлларни жалб этманг. Ўзингиз ва оила аъзоларингизни геморрагик иситма касаллигидан ҳимоя қилинг.

Ирода МУСАЕВА,

Анвархон АЛИХОНОВ,

РСваТСИ вилоят филиали бўлим мудирлари.