Беғараз қон топшириш - беморга ҳаётбаҳш этиш билан баробардир. Қалбингизда инсонийлик, меҳр-оқибат туйғулари жўш уриб, қон топширишга қарор қилсангиз, аввало сизга тиббий кўрик белгиланади. Қон топшириш қонун-қоидалари тушунтирилади. Сўнг қон топширувчи анкетаси очилади. Олийҳиммат қон берувчи - донор деб юритилади.

Ҳар бир донор қон қуйиш марказида лаборатория таҳлилидан ўтказилади. Қоннинг таркиби орқали ўтадиган касалликлар - гепатит В, С, ОИТС, сифилис сингари юқумли касалликларга текширилади. Гуруҳи, резус омили, гемоглабин миқдори аниқланади. Тиббий кўрик натижалари ижобий чиқса, сизнинг топширган қонингиз махсус пластик халтача, гемаконларга йиғилади. Бу жараён атиги 20 - 30 дақиқа вақтингизни олади, холос.

Қон топшириб бўлганингиздан кейин ширин чой ва мевали шарбатлар ичиш таклиф қилинади. Инсон организмида 4,5 - 5 литр қон бўлиб, шундан 200 - 400 млгача топширилади. Соғлом инсонга бу мутлақо безарар. Соғлиқ учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Камдан-кам ҳолларда кўз тиниши, бош айланиши мумкин. Сизнинг органи­змингиз топширган қонингизни 36 соат ичида тиклаб олади. Айниқса, 400 мл қон топшириш қон босими ошишига мойил инсонларга фойдали.

Қон топширмоқчи бўлган кишиларга шуларни тавсия қилмоқчимиз. Мунтазам каллорияли овқатланишга ҳаракат қилинг. Кун мобайнида ширин чой ва мевали шарбатлар янада фойдали. Спирт­ли ичимликлар ичиш, чекишдан тийилинг. Айрим дорилар: аспирин, анальгин ва бошқа таркибида ушбулар бўлган дорилар истеъмол қилаётган бўлсангиз, уч кундан сўнг қон топширинг. Сизнинг топширган қонингиз, шубҳасиз, кимнингдир ҳаётини сақлаб қолади. Зеро, қон - бу ҳаёт манбаидир.

Мунира УМУРЗАҚОВА,

вилоят қон қуйиш маркази бош врачи.