Жорий йилдан бошлаб ҳар ойда навбатма-нав­бат туман тиббиёт бирлашмаларига чиқилмоқда. Врач ва ҳамширалар билан "Маҳорат дарслари" ташкилланяпти. Тиббий хизматни тобора такомиллаштириш қуйи бўғинларгача таъминланмоқда. Марказ жамоасининг мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилаётганининг боиси ҳаётнинг ўзидан келиб чиқиб, юксак талаблар асосида ислоҳотларнинг давомийлигига эришишдан иборатдир. Чунончи, "Регионализация ва маҳорат мактаби" семинар-тренинглари шу жараён доирасидаги муҳим тадбир ҳисобланади.

Ҳозиргача Наманган, Янгиқўрғон, Косонсой ва Чуст туман тиббиёт бирлашмаларида ташкилланди. Аввало, ҳар бир туманга марказ мутахассислари ташриф буюргач, 2 - 3 тадан қишлоқ врачлик пункт­лари ҳамда ТТБ марказий шифохоналари бўлимлари фаолияти билан яқиндан танишишмоқда. Сўнгра амалиётга тадбиқ этилаётган даволаш- диагностика стандартларига қай даражада риоя қилинаётганлигига эътибор қаратилмоқда. Асосий мақсад, кимларнингдир ишини қониқарсиз баҳолаш эмас, аксинча йўл қў­йилаётган камчиликларни ўз ўрнида тугатиш учун зарур маслаҳат ва тавсиялар бериб, амалий кўмаклашишяпти. Зарур ҳолатларда бир неча баҳс­талаб беморларни даволашни соғайтириш учун билимдон ва юқори тажрибали мутахассислар муолажа муваффақиятига йўналтирилган даво чораларини зудлик билан кўриш юзасидан фойдали маслаҳатларини ҳам аяшмаяпти. Бундан ҳам шифокорлар, ҳам беморлар катта наф кўришаётир.

Яқинда Чуст туман тиббиёт бирлашмасида уюштирилган семинар-тренинг ғоят қизиқарли ва самарали кечди. Тадбирни ТТБ бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Олимжон Қосимов қисқача кириш сўзи билан очди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи, вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармасининг бош жарроҳи Толибжон Мамадумаров "Регионализация ва маҳорат мактаби"нинг мақсад ва вазифаларини йиғилган ҳамкасбларига тушунтирди. Сўнгра, марказ мутахассисларига сўз берилди.

Марказ консультатив диагностика бўлими мудири, ВССБ бош терапевти Раҳимжон Абдуллаев "Вилоятда амбулатор ва стационар ордерларнинг тар­қатилиши, ордер олишга кўрсатмалар, ишлатилиши бўйича қоидалар ҳақида" маъруза қилди. Чуст туманида 2015 йилнинг биринчи чорагида ишламай қолган амбулатор ордерларнинг сабабини шарҳ­лаб таҳлиллашди. Илмий ишлар бў­йича сектор мудири Содиқжон Абдуллаевнинг "Маҳорат дарс­лари ва илмий ишлар" мавзусидаги маърузаси ҳам мароқ билан тингланди.

ВССБ бош гематологи Соҳибжон Ғафуров "Камқонлик касаллиги, айниқса В12 етишмовчилиги билан оғриган беморларни ТТБ, ҚВП шароитида текшириш ва даволаш тўғрисида" сўзлади. Беморларнинг оғир аҳволда марказга жўнатилиши сабабларига алоҳида тўхталди. Мазкур масалани муҳокамага қўйди.

Семинар-тренингда "Маҳорат дарслари" доирасида кўргазмали назарий маърузалар ҳам ўқилди. Марказнинг йирингли жарроҳлик бўлими мудири Комилжон Яқубжонов "Диабетик товон синдроми", кўз касалликлари бўлими мудири, ВССБ бош окулисти Абдурашид Сулаймонов "Ўткир глаукома билан оғриган беморларга ТТБ ва ҚВП шароитида биринчи ёрдам ва уларнинг реаблитацияси", марказ нефрологи Бахтиёр Ҳамдамов "Сурункали буйрак етишмовчилиги, ҳомиладорлик пиелонефрити синдромлари" хусусидаги маърузалари билан чиқишди.

ВССБ неврологи Насиба Саримсоқова семинар-тренинг қатнашчиларига шу йил 25-26 май кунлари Республика миқёсида ўтказилган илмий- амалий анжуман тўғрисида маълумотлар берди. Шунингдек, "Ишемик ва геморрагик инсульт билан оғриган беморларнинг замонавий диагностикаси ҳамда даволаш усуллари"ни ҳамкасбларига тушунтириб ўтди.

Марказнинг травматология бўлими мудири, ВССБ бош травматологи Ёсинжон Фахриддинов "Туманда жароҳат оқибатларидан сўнг беморлар реаблитацияси, уларга кўрсатилаётган тиббий малакали ёрдамнинг аҳволи" масаласида маъруза қилди. Диспансер кузатувидаги беморлар тақдирига алоҳида эътибор қаратди. Врач Воҳиджон Қамбаров эса Лор касалликлари билан оғриганларни ТТБ ва ҚВП шароитида текшириш ва даволаш усуллари ҳақида фикр юритиб, тумандаги сурдологик беморларга ғамхўрликни янада кучайтириш кераклигини алоҳида таъкидлади.

Семинар-тренинг машғулотлари қолган туманларда ҳам ўтказиб борилади.

Содиқ САЙҲУН.