Ватан ҳамда халқ манфаатлари ҳимоячиси, давлат ва жамият ўртасидаги воситачилик вазифаси ва масъулияти зиммасига юкланган оммавий ахборот воситалари мустақиллик шарофати билан эркин сўз майдонидан муносиб ўрин олдилар. Демократия шароитида бу ғоят муҳим тармоқ учун ҳам қонунлар ҳаводек аҳамият касб этмоқда. Бошқача айтганда, янгича даврнинг янги ҳаволари билан нафас олиб яшаётган хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин - барча матбуот нашрлари ўз мухлисларини тобора кўпайтириш, талабчан ўқувчиларининг кўнглидан кечаётган мавзуларини топиб ёзиш, айни маҳалда чиройли ва ўзига хос нигоҳтортар қиёфасига эришиш ҳаракатида.

Юртимизда эл саломатлиги йўлида ҳормай-толмай хизмат қилаётган кўп сонли шифокорларни чинакам нажоткор инсонлар деб атасак, улар фаолиятини ёритувчи ўткир қалам соҳибларини ижодкорлар дея тилга оламиз. Тиббиёт тармоғининг кўлами кенг. Соҳа жонкуярлари фао­лиятини ёритувчи газета-журналлар турли-туман. "Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш", "Соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва бошқариш", "Ўзбекистон тиббиёти", "Ҳамшира", "Шифокор суҳбатида", "Сиҳат-саломатлик", "Соғлом авлод", "Вест­ник врача обшей практики Узбекистана", "Шифокор ва ҳаёт", "Тиббиёт ва замон" сингари ўндан зиёд матбуот нашрлари бугунги кунда ўз мухлисларининг севимли матбуот нашрларига айланиб қолган. Чунки, уларда тиббиёт янгиликлари, илғорлар тажрибаси, услубий тавсиялар, саломатлик суҳбатлари изчил ёритиб келинмоқда. Ҳар бир сони қизиқарли, мазмунли ва таъсирчан чиқарилаётир.

Биргина бизнинг "Шифокор ва ҳаёт" газетамизни мисол олсак, аввало, нашримиз врачларнинг оммавий минбарига айланган. Юқори малакали, чуқур билимли мутахассисларнинг тиббий маслаҳатлари кенг ёритиб борилмоқда. Тиббиёт жонкуярлари ҳақида очерк, лавҳа ва репортажлар ёзиляпти. "Кексаларни эъзозлаш йили" рукни остидаги мақолалар эса газета саҳифаларидан мунтазам ўрин олмоқда. Яна бир муҳим жиҳати "Дил изҳори" рукни остида таҳририятимизга келаётган миннатдорчилик мактублари ойдан-ойга кўпаймоқда. Бу шифокорлар ҳалол хизматлари билан беморларнинг ихлосу меҳрини қозонаётганликларидан дарак беради.

Байрам яқинлашаётган бир пайтда матбуот нашрларига йилнинг иккинчи ярми учун обуна қизғин тусга кираётгани жуда қувончли. Ўйлаймизки, газета-журналларнинг обуначилари сафи тобора кенгаяверади.

Президентимиз Ислом Каримов айтганидай: "Ўзбекистонимизни янада равнақ топтириш учун юртимиз кундан-кунга қандай катта ютуқ ва марраларни қўлга киритаётган бўлса, оммавий ахборот соҳасида ҳам ғоят муҳим янгиланиш ва ривожланиш жараёнлари юз бераётганини, матбуотимизнинг ҳаёт билан ҳамнафас бўлиб бораётганини муштарийлар, жамоатчилигимиз чуқур ҳис этмоқда ва ана шу ўзгаришларнинг амалий самарасига гувоҳ бўлмоқда". Бу айни ҳақиқат бизларни беҳад фахрлантиради, албатта.