Фарғонада донғи чиққан шифокор Йўлдошали Тўхтасиновнинг эрта вафоти кичик ўғли Ёқубжонга қаттиқ таъсир этди. Отасидан жуда ёш айрилиб қолган болакайга атрофдагилар падари бузрукворининг моҳир шифокор бўлганлиги, кўпчиликка фойдаси текканлигини бот-бот сўзлаб қолишарди. Шунинг учун отасидек шифокор бўлишни болалигиданоқ дилига туккан эди. Мактабданоқ ана шу мақсад билан чуқур билим ола бошлади. Зарур фанларни матонат билан ўзлаштирди. Эзгу орзусига эришиб Андижон Давлат тиббиёт институтининг талабаси бўлди ва уни 1993 йилда муваффақиятли тамомлади.

Олийгоҳ йўлланмаси билан Наманганга келган ёш шифокор Ёқубжон Тўхтасиновни толеи кулиб, уни моҳир ва машҳур жарроҳ Маҳмуд Аҳадовичга йўлиқтирди. Устозининг маҳоратли амалиётлари ҳануз кўз олдида гавдаланиб, панд-насиҳатлари қулоқлари остида жаранглаб туради.

- Тиғинг ҳамиша ўзингдан узоқда турсин, қўлинг ҳадеб унга югурмасин, аввал усиз даволаш чораларини кўр. Сен шундай даволагинки, шифо топган инсон бир умр миннатдор бўлсин.

У ҳар гал ишга киришар экан устозининг шундай сўзларини эслайди ва унга амал қилади.

Устозлари Муҳаммаджон Акбаров, Султонмаҳмуд Ҳамидов, Неъматжон Юсуповдан ҳам касб сирларини сабот билан эгаллади. Бугунги кунда ўзи ҳам улардан ўрганганлари, йиллар давомида тўплаган тажрибаларини ёшларга ўргатишдан чарчамайди. Лекин, ундан "шогирдларингиз кимлар?" деб сўрасангиз, фалончи деб айтмайди. "Ким мени устозим деса, ўша мени шогирдим" дейди.

Отаси Йўлдошали аканинг касбини давом эттираётганидан, онаси Дилбархон аянинг тарбиясини, ишончини оқлаётганидан мамнун.

Наманганга йўлланма билан ишлаш учун келган Ёқубжоннинг тақдири бир умр шу шаҳарга боғланиб қолди. Умумий амалиёт шифокори Наима Содиқова билан турмуш қуриб, уч фарзандни муносиб тарбиялашмоқда.

Ёқубжон беморнинг тўла соғайгач қилган дуосини, шунчаки миннатдор боқишини ўзига катта мукофот деб билади. Ушбу касбни танлаганидан ҳеч қачон афсусланмайди.

- Агар иккинчи бор яшаш имкони берилса яна албатта шифокорликни танлардим, - дейди фахр билан.

Мирзаҳаким НЕЪМАТОВ,

НамМТИ доценти.