Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ЮНИСЕФ ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда амалга ошираётган "Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматларини такомиллаштириш" лойиҳаси ҳам фикримиз далилидир. Наманган шаҳридаги "Гўзал" тантаналар мажмуида ана шу лойиҳа доирасида "Чақалоқлар реанимацияси" ва "Чақалоқлар парвариши" мавзуларида ўқув семинарлари ўтказилди.

- Мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичи татбиқ этилмоқда. Асосий йўналишлардан бири, чақалоқлар парваришини Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти янги тавсиялари асосида олиб боришни ўргатишдан иборатдир, -  дейди ўқув курси раҳбари, Тошкент шаҳар бош неонотологи Малика Усмонова. - LDS Charities халқаро хайрия ташкилоти лойи­ҳада кўзда тутилган вазифаларни бажаришда кўмаклашмоқда. Семинар тренинг қатнашчилари ўзбек тилидаги адабиётлар, кўргазмали воситалар билан таъминланмоқда. Ўқувларга хорижлик мутахассислар жалб этил­моқда.

Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов мамлакатимизда халқ бахту саодати йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар, соғлиқни сақлаш соҳасида кечаётган изчил ислоҳотлар, айниқса оналик ва болалик муҳофазаси борасидаги хайрли саъй-ҳаракатлар ҳақида батафсил гапириб берди.

Машғулотларга киришиш олдидан кечган тақдимот чоғида ўқув курси раҳбари, Тошкент шаҳар бош неонотологи Малика Усмонова, Америка Педиатрлар академияси мутахассислари - Калифорния университети профессори Марк Алан Андервуд, машҳур анестезиолог Жорж Мартин Беннетлар тиббиёт ходимлари билим савияси ва касбий кўникмасини оширишга қаратилган анжуманнинг аҳамияти хусусида фикр билдирдилар.

- Болаларни соғ-омон дунёга келтириш бугунги куннинг ғоят долзарб вазифаси. Афсуски, баъзан ўз вақтида малакали тиббий хизмат кўрсатилмаслиги оқибатида гўдаклар нобуд бўлади. Мана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ўқувлар ташкил этилиб, тиббиёт ходимларининг касбий кўникмалари ошириляпти, - дейди Жорж Мартин Беннет.

Дастлабки машғулотларда соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги туғруққа ёрдам кўрсатувчи муассасалар акушер-гинекологлари, неонотологлари, доялари ва ҳамширалари қатнашган бўлсалар, якунловчи кун тадбирларида Наманган ва Андижон вилоятлари тиббиёт коллежлари ўқитувчилари иштирок этдилар.

- Эндигина туғилган болалар гоҳида нафас олишга қийналишади. LDS Charities халқаро хайрия ташкилоти томонидан етказиб берилган мана бу тиббий восита ана шундай муаммоли вазиятда жуда ҳам асқотади. Мазкур жиҳоздан самарали фойдаланиш учун шифокорда зарур даражада тушунча ва кўникма бўлиши жуда муҳим. Машғулотларда шу каби жиҳатларга эътибор қаратил­япти, - дейди Марк Алан Андервуд.

Чақалоқлар саломатлигини мустаҳкамлашга бағишланган ўқув жараёнлари тест синовлари, амалий машғулотлар, суҳбат ва мунозаралар тарзида кечди. Америкалик етакчи олим-мутахассислар маҳаллий тренерлар ёрдамида қатнашчиларнинг билим ва кўникмаларини бойитишга ҳаракат қилишди.

- "Чақалоқлар реанимацияси" китоби, "Гўдаклар нафас олишига ёрдам бериб" номли ўқув қўлланмаси, тиббиёт муассасалари ҳамда тиббиёт коллежларидаги ўқув хоналари учун муляж ва бошқа жиҳозлар тарқатилди. Булар нафақат анжуман қатнашчилари билимини мустаҳкамлайди, касбий маҳоратини оширади, балки улар томонидан тиббиёт муассасаларида ташкилланадиган семинарларда ҳамкасблари малакасини ўстиришга ҳам хизмат қилади, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамширалик иши бўйича бош мутахассиси Райҳона Мансурова.

- Ҳозирга қадар АҚШ Педиатрлар академияси томонидан ишлаб чиқилган чақалоқлар реанимациясига оид қўлланманинг бешта нашри вилоятимиз туғруққа ёрдам кўрсатувчи муассасаларида босқичма-босқич фойдаланиб келинмоқда эди. Халқаро тренерлар иштирокида ўтказилган мазкур семинар-тренингда қатнашчилар қўлланманинг олтинчи нашри билан таништирилди. Янги нашрнинг афзаллиги шундаки, унинг талаблари соддалаштирилган. Китобдаги тавсияларни нафақат шифокорлар, балки доя ва ҳамширалар ҳам эркин бажаришлари мумкин, - дейди вилоят бош неонотологи, чақалоқлар реанимацияси бўйича миллий тренер Дилбар Азизова.

Уч кунлик Наманган сафари меҳмонларда катта таассурот қол­дирди.

- Жуда кўп давлатларда бўлганмиз, лекин Ўзбекистон бизни ўзига бағоят мафтун этди. Наманган эса мамлакатнинг энг обод, гўзал ва гулларга бурканган шаҳри экан, - дейди Марсиа Беннет хоним ҳамширалар билан суҳбат чоғида.

Аҳамиятлиси шундаки, юртимиз соғлиқни сақлаш ходимлари оналик ва болалик муҳофазаси бўйича жаҳон тажрибасини пухта ўзлашти­риш­япти. Бу изланишу интилишлар соғлом авлодни шакллантиришда муҳим омил бўлиши шубҳасиз. Зеро болаларнинг соғлом, бенуқсон туғилиши учун тиббиёт ходимлари ҳам масъулдир.

Абдулла ҒОЗИЕВ.