Яқинда Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйида навбатдаги тиббий тадбир ўтказилди. Шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасининг тор доирадаги мутахассисларидан бир гуруҳи муассасага ташриф буюрди. Малакали шифокорлар муассаса тарбияланувчиларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикка чорлашди. Болалар лор, окулист,невропатолог, травматолог, эндокринолог, педиатр, тери касалликлари врачлари қабулида бўлишди. Флюорография, ультра товуш текширувига чақирилди.

Врач Анора Жумаева болаларнинг қулоқ, томоқ ва бурунларини бирма бир кўриб чиқди. Шифокор Муҳаммадюсуф Тўхтасиновнинг саломатлигини кўздан кечирар экан, унинг мутлоқо соғ эканлигига амин бўлди. Невропатолог Комилжон Асқаров ҳам келажагимиз ворислари билан дилдан суҳбатлашар экан, уларнинг ҳолатини ўрганди. Психиатр Баҳорой Азимова ҳам фаол иш олиб борди. Лабо­рант Дилором Абдулҳаева ва уль­тра товуш текшируви врачи Муҳаррам Юнусовалар эса хас­таликларни аниқлаш учун техник воситалардан самарали фойдаланишди.

- Масканимиздаги 53 нафар бола тўла чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Ҳамкасбларимиз вазифа моҳиятини англаган ҳолда эртанги кун эгалари соғлигини ҳар томонлама ўрганиб чиқишди. Касалликка эҳтимол қилинганлар кўп тармоқли марказий поликлиникада соғломлаштирилади, - дейди муассаса шифокори Елена Ғаниева.