Қўшни Қирғизистон билан чегарадош ўзбек, тожик ва бошқа миллат вакиллари аҳил-иноқ, дўсту биродар бўлиб яшаётган Косонсой аҳлининг қувончи чексиз. Боиси, энди уларга шароитлари тубдан яхшиланган, жорий таъмирдан чиқарилган туғруқ комплекси хизмат қилади.

Дарҳақиқат, 1972 йилда қурилган мазкур муассаса биноси таъмирга муҳтож ҳолатга келиб қолган эди. Соғлиқни сақлаш вазирининг ташрифи ва таклифидан сўнг бинони жорий таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан 400 миллион сўмдан зиёд маблағ сарф­ланди. Оналик бахтини бергувчи даргоҳнинг таъмирлаш ишларини "Муроджон" МЧЖ муҳандис-қурувчилари қисқа вақт ичида амалга оширишди.

Мазкур туғруқ комплекси биносининг қайта очилиши байрамона тусда ўтди. Маросимни туман ҳокими Баҳодир Юсупов кириш сўзи билан очар экан, соғ­лиқни сақлаш тизимидаги изчил ислоҳотлар, айниқса одамларни тиббиётдан рози қилиш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлади.

- Тўғриси бундан икки ой илгари соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳаджибаев билан бу ерга келиб ўзим ҳам жуда хижолат бўлдим, - деди у. - Чунки одамларга қувонч улашадиган, оилалар бахту-саодати учун хизмат қиладиган даргоҳнинг шароитлари кўнгилдагидек эмасди. Маҳаллий бюджет ва соғлиқни сақлаш бошқармасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига бино замонавий қиёфа касб этиб, шароитлари яхшиланди.

Шундан сўнг соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Боситхонова сўзга чиқди. Нотиқ мазкур муассасанинг таъмирланишини ҳам аёлга эътиборнинг олий намунаси, дея изоҳлади.

- Ўзининг қадим тарихи билан тилларда достон Косонсой оналари бу ерда буюк соҳибқирондек ботир йигитлару, тўмарисдек оқила қизларни дунёга келтирадилар, - деди мамнуният билан Э. Боситхонова.

- Келинимизни олиб келдик, ҳозир туғруқ залида, - деди Мавлуда Асқарова. - Шароитлари яхшиланганини, ҳатто тиббий аппаратлар ҳам янги келтирилганлигини кўриб жуда-жуда хурсанд бўлдик.

Тақдимот маросимида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдилходи Иминов иштирок этди.