Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош урологи, профессор М. Мухторов ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти урология ва нефрология кафедраси мудири, Тошкент шаҳар бош урологи, профессор А.Ғайбуллаевларнинг таклифига кўра, ўтган йили Фарғона водийси урологлари жамияти ташкил этилган эди. Яқинда Андижон шаҳрида водий урологларининг навбатдаги семинари бўлиб ўтди. Унда Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларидан ташриф буюрган юздан зиёд шифокорлар иштирок этишди.

Анжуман дастурига урология-андрология соҳаларида охирги йилларда эришилган ютуқлар, шунингдек, ривожланган давлатларда қўлланилаётган кам инвазив амалиёт турларини тадбиқ этилишига оид маърузалар киритилган эди. Бинобарин, машғулотларда эркакларда учрайдиган гипогонадизм ҳасталигини ташхислаш ва даволашда замонавий ёндашув, буйрак-тош касаллигининг кам инвазив усуллари муҳокама қилинди. Таҳлиллардан шу нарса маълум бўлдики, бу борада водий урологлари томонидан ҳам кўзга кўринарли ишлар амалга оширилган.

Тадбирда вилоятимиз урологлари ҳам фаол иштирок этишди. Таниқли мутахассислар Ю. Дўсанов, С. Мамадалиев, Э. Жўрабоевлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашган бўлсалар, ўттиздан зиёд ёш уролог - андрологларимиз касб маҳоратларини оширишди. Улар янги диагностика ва даволаш усулларини амалиётга тадбиқ этиш борасида қимматли маслаҳатлар олдилар.

Содиқжон АБДУЛЛАЕВ,

ВССБнинг штатсиз бош урологи.