Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мажлислар залида аҳолини коронавирус инфекциясига қарши вакцина билан профилактик эмлаш жараёнларини мувофиқлаштириш бў­йича амалга оширилаётган ишлар юзасидан семинар ташкилланди. Уни бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров кириш сўзи билан очар экан, вакцинация жараёни бўйича тиббиёт ходимларига зарур тушунчалар берди.

Вилоят СЭО ва ЖСБ бошлиғи Абдураҳмон Абдуллаев Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 15 февралдаги 31-сонли буйруғига асосан қабул қилинган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 37-сонли буйруғини йиғилганларга шарҳлаб берди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси СЭО ва ЖСХнинг 2021йил 23 январдаги 13-сонли "Аҳолини коронавирус инфекциясига қарши вакцина билан профилактик эмлаш жараёнларини мувофиқлаштириш ишларини ташкил этиш тўғрисида"ги буйруғини ижро этиш юзасидан вилоят СЭО ва ЖСБнинг тегишли буйруғи чиқарилди.

Унга кўра вилоятнинг барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари қошида Штаб ташкил этилиб, унинг иш режаси ҳам тузилганлигини алоҳида таъкидлади.

Вилоят СЭО ва ЖСБ иммунопрофилактика бўлими бошлиғи Шерзодбек Латибжонов семинар иштиркчиларини шаҳар ва туманларда ташкил этилган коронавирусга қарши эмлаш пунктларининг жиҳозланиши ҳамда эмлаш жараёнларига тайёргарлигининг мониторинг натижалари билан таништирди.

Мутахассис Ш. Латибжоновнинг таъкидлашича, биринчи нав­батда вилоятимизда 65 ёшдан ошган 58 110 нафар аҳолини эмлаш тадбирларига тайёргарлик кўрилмоқда. Бунинг учун 224 та эмлаш пунктлари, 17 та мобил бригадалар, 276 нафар оилавий шифокорлар, 407 нафар вакцинатор ва уларнинг дублёрлари, 245 нафар регистраторлар шай ҳолатга келтирилган.

Семинарда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларининг иммунолог, координатор, бош ҳамшира ва эмлаш ҳамширалари иштирок этдилар.

Манзура ЭРГАШЕВА.