саломатлик акцияси доирасида уч нафар беморда буйрак трансплантацияси амалга оширилмоқда

Уч йилдан бери буйрак етишмовчилигидан азият чекиб, бир йилдан бери гемодиализ муолажасини қабул қилиб юрган Мастура Файзиева дардига даво излаб бормаган жойи қолмади. Унинг олдида икки йўл турарди: умрининг охиригача гемодиализ муолажасини қабул қилиш ёки буйрак трансплантациясини амалга ошириш. Бу икки чорани кўриш ҳам икки нафар фарзанднинг онаси учун моддий томондан қийинчиликлар туғдирарди.

Унга буйрак трансплантацияси жарроҳлик амалиётини фақат чет элда амалга ошириш мумкинлигини айтишганди. Фарзандларининг бахту камолини кўриш, уларнинг бошида паноҳ бўлишни истаган она яшаб турган уйини сотишга қарор қилганди. Шундай кунларнинг бирида "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остида ўтаётган саломатлик акцияси доирасида Наманган вилоятида бўлиб турган пойтахтлик шифокорлар маҳаллий ҳамкасблари билан биргаликда унинг ҳолидан хабар олиб, уйига кириб келишди...

-  Мен учун буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини Тошкент шаҳрида, ҳеч қандай тўловсиз, беминнат қилиб беришларини айтишганида ҳолатимни тасаввур қила олмайсиз, - дейди Мастура Файзиева. - Бу Аллоҳнинг менга берган инояти эди. Шундай оғир аҳволда турганимда шифокорлар келиб, мушкулимизни осон қилишди. "Президентимизнинг топшириғи билан сизларга ёрдам бергани келдик", дейишганида илтижоларим Яратганга етиб, ўзи дардимни олувчиларни юборганини кўнглим сезди. Унгача икки боламнинг тақдири нима бўлишини ўйлаб, хавотирда эдим. Менга буйрак кўчириб ўтказишлари аниқ бўлганида, ўғлим: "Мен ҳам катта бўлсам, сизни даволайдиган одамлардай жарроҳ бўламан", деди. Биласизми, энди болаларимнинг орзуларини кўриш учун ҳам ҳаётга умидим ошиб кетди.

Мастура Файзиевага донорлик қилувчи инсон ҳам у билан бирга. Синглиси Маъмура Йигиталиева унга бир буйрагини беришга қарор қилди. Саломатлик акцияси доирасида опа-сингил биргаликда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинди.

- Жигаринг ёнингда дард билан олишиб турса, чидай олмас экан одам. Отамизнинг ёшлари 75 га етган бўлса ҳам чора излаб бормаган жойлари қолмади, - дейди Маъмура Йигиталиева. - Ака-опаларимиздан қай биримизники тўғри келса, буйрагимизни беришга рози эдик. Мана, келганимиздан бери шифокорлар ширин сўзларини аяшмаяпти. Ҳаммалари юзлари табассум билан палатамизга кириб келишади. Тўғриси, буларни кўриб, эрта-индин операцияга киришимиз керак, деган қўрқув ҳам ўз-ўзидан қандай йўқолганини сезмай қолдим.

Президентимизнинг аҳоли саломатлигини сақлаш борасида қабул қилган Фармон ва қарорлари ҳамда махсус топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Cоғлиқни сақлаш вазири ташаббуси билан "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остида ўтказилаётган саломатлик акцияси авж паллага кирди.

Акция доирасида Наманган вилояти бўйлаб ёйилган тиббиёт соҳасида мамлакатнинг энг малакали мутахассислари ҳар бир туманда маҳаллабай тартибда уйма-уй юриб, тиббий ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларига жойида малакали тиббий хизмат кўрсатишмоқда ҳамда беморларнинг ҳолатига, касаллик даражасига қараб, тегишли муолажаларни амалга оширишмоқда.

10 февралдан бери давом этаётган ушбу хайрли тадбир минглаб инсонларнинг ҳаётига қувонч бағишлаб келаётир. Аввал турли сабаблар билан махсус тиббий текширувлардан ўтолмай юрган хастаҳол юртдошларимиз "темир дафтар"га киритилиб, мутлақо бепул тиббий хизмат билан таъминланмоқда. Ушбу рўйхатга кирган фуқароларга энг қисқа муддатларда муолажалар белгиланмоқда.

Тўрақўрғон туманида яшовчи 53 ёшли Валижон Исмоилов буйрак етишмовчилигидан азият чекарди. Пойтахтлик мутахассислар саломатлик акцияси доирасида унга буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказадиган бўлди. 26 ёшли Одилжон яқинда чет элдан қайтиб келганди. Отасининг оғир аҳволини кўриб, чора излаш ортидан яна ўзга юртларга ишлаш учун кетиш ҳақида ўйларди. Пойтахтлик шифокорлар уларнинг уйига келиб, юртимизнинг ўзида буйрак трансплантацияси амалиёти улар учун беминнат ўтказиб берилишини айтишди.

- Бу хабарни эшитганимизда, бутун оиламиз билан хурсанд бўлдик, - дейди Одилжон Исмоилов. - Отам касаллик аниқланишидан олдин ҳайдовчилик қилар эдилар. Бизга ҳалол меҳнат билан нон-туз едирганлар. Чет элда ишлаб, оила тебратишда уларга кўмаклашардим. Аммо отамнинг аҳволи оғирлашиб бораётганини кўриб, чорасиз сезардик ўзимизни. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари келиб, бизга ҳолат юзасидан тушунтириш беришганида, отамга ўзим донорлик қилишга рози бўлдим...

Кеча буйрак кўчириб ўтказиш амалиётидан муваффақиятли чиққан ота-бола Исмоиловларнинг аҳволи ҳозирда шифокорлар назорати остида.

Наманган вилоятида давом этаётган саломатлик акцияси дои­расида яна бир беморда худди шундай буйрак кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиёти ўтказилиши режалаштирилган. Поп туманида яшовчи 17 ёшли Моҳинур ҳам шу оғир дарддан азият чекиб келаётган эди. Ҳаётнинг орзу-умидларга тўлган шундай палласида фарзандининг хасталикдан қийналаётганини кўриш ота-она учун ўта оғир. Саломатлик акцияси доирасида Моҳинурнинг онаси Ирода опа Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ҳам она, ҳам донор сифатида олиб келинди:

- Қизим эндигина талабаликнинг олтин даврига қадам қўйган. Унинг касаллигига жимгина қараб туриш қўлимиздан келмасди, - дейди Ирода опа. - Бор имконимизни ишга солиб, даволатишга ҳаракат қилаётгандик. Президентимиз юборган шифокорлар жонимизга оро кирди. Кўзимга боламнинг бахтидан бошқа ҳеч нарса кўринмас эди. Унга буйрагимни беришга қарор қилдим. Бизга шунчалик ғамхўрлик қилаётган инсонларга қандай раҳмат айтишни ҳам билмайман. Қўлимиздан фақат дуо қилиш келади, холос. Давлатимиз ҳеч биримизни ёлғизлатиб қўймаслигига яна бир бор ишондим...

Бу беморларнинг барчаси донорлари билан биргаликда шифокорлар назорати остида Наманган вилоятидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келиниб, зарур текширувлардан ўтказилди. Буйрак трансплантациясидек ноёб операциялар юртимизнинг ўзида ўтказилаётгани кўплаб юртдошларимизнинг мушкулини осон қилаётгани ҳақиқат.

"Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остида ўтказилаётган саломатлик акцияси соғлигида муаммоси бор юртдошларимизга шифо ва дармон, оилаларга бахт ва шодлик улашишда давом этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.