Вилоятимизда ана шу шиор остида "Аёллар фестивали" ўтказилди. Мазкур ижтимоий анжуман доирасида Наманган шаҳридаги саккизта мактаб спорт залида тиббий кўриклар ташкилланди. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкатжон Абдураззоқов 15-умумтаълим мактабида амалга оширилаётган кенг қамровли тиббий тадбир жараёнлари билан танишди.
Она ва бола соғлиғига эътибор - жамиятга, келажакка эътибор. Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида алоҳида қайд этилган бу даъват тиббиётчиларни янада изчил ва фаол бўлишга ундамоқда. Бу фаолият фестивал доирасидаги амалий ишларда ўз ифодасини топди. Буни биргина мазкур таълим масканида кечган тиббий хизмат ҳам тасдиқлаб турибди. Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш учун нима зарур бўлса шу жойда мужассам. Бугина эмас, вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг салоҳияти ҳам мактаб ҳовлисига жам бўлган. "Мобил поликлиника", кўчма рентгент қурилмаси, ультратовуш текшируви, лаборатория ва ЭКГ хизматлари ташриф буюрувчилар ихтиёрида.
Мактаб спорт зали гўёки улкан поликлиника тусини олган. Ўнлаб тор соҳа мутахассислари - акушер-гинеколог, жарроҳ, эндокринолог, кардиолог, невропотолог, окулист, онколог, ревматолог, гематологлар қабулига юзлаб аёллар навбатга туришган. Кўплаб оналар фарзандларини ҳам бошлаб келишган. Шифокорларнинг қўли қўлига тегмайди. Ҳар бир аёлнинг саломатлиги синчковлик билан ўрганиб чиқилмоқда. Касаллиги аниқланган хотин-қизлар алоҳида рўйхатга олинмоқда.
- Оналар саломатлигига алоҳида урғу беряпмиз. Туғиш ёшидаги ҳар бир аёл соғлиғини чуқур кўрикдан ўтказяпмиз, - дейди Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассиси Соҳиба Асқарова.
- Марказимизнинг уч нафар олим шифокорлари Наманган аёлларига малакали хизмат кўрсатишяпти. Мақсадимиз опа-сингилларимиз саломатлик кўрсаткичларини янада яхшилашга эришишдир.
Дарҳақиқат, фестивалнинг тиббиёт билан боғлиқ йўналишида нафақат вилоятимиз шифокорлари, балки пойтахтимиздан амалий ёрдамга келган таниқли тиббиёт мутахассислари ҳам фаоллик кўрсатишди. Тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминовнинг таъкидлашича, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг беш нафар юқори малакали тиббиётчилари ҳам тиббий кўриклар самарадорлигини оширишга баҳоли қудрат ўз ҳиссаларини қўшдилар.
- Мен ҳозиргина гематолог қабулида бўлдим. Тажрибали доктор саломатлигимни тиклаш учун ғоят зарур тавсияларни берди. Биз аёллар учун қилинган шу қадар ғамхўрликдан бехад миннатдормиз,-дейди Умида Файзиева.
Шуни ҳам қўшимча қилиш жоизки, тиббий кўрик пайтида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликни ошириш билан боғлиқ қатор тадбирлар ҳам бўлиб ўтди. Саломатликни асрашга доир кўргазмалар эса акцияга ўзига хос мазмун бағишлади.
- Эзгу мақсад билан бошланган тиббий тадбир ғоят уюшқоқлик билан амалга оширилди. Шу куни 4,5 минг нафардан зиёд хотин-қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб этилди. Уларнинг 1312 нафари "Темир дафтар" рўйхатида турувчи аёллар эди. Шу боис ҳам 39 нафар опа-сингилларимизга стационар тартибда имтиёзли даволаниш учун йўлланмалар берилди. Кам таъминланган оила аъзоларидан 60 нафари эса вилоятдаги клиникаларда тиббий текширувлардан имтиёзли ўтиш ҳуқуқига эга бўлдилар, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг Оналик ва болалик муҳофазаси ҳамда репродуктив саломатлик бўйича ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи Муроджон Қаҳҳоров.
Бу саъй-ҳаракатлар "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"даги хайрли ишлар сирасига киради. Қолаверса, Президентимизнинг "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6110-сонли Фармони ижросини таъминлаш сари қўйилган яна бир муҳим қадамдир.
Абдулла ҒОЗИЕВ.