Вилоят ҳокимлигида Тиббиёт ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унга соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари, соҳада жонбозлик кўрсатган тиббиёт ходимлари таклиф этилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов иштирок этди ва тиббиёт ходимларини байрам билан табриклади.

Наманганда тиббиёт ходимлари катта армияни ташкил этади. Вилоятдаги 220 та давлат тиббиёт муассасасида 40 минг нафардан ошиқ шифокор, ҳамшира ва кичик тиббиёт ходимлари меҳнат қилмоқда. Шифокорлар сафида 4 нафар фан доктори ва 24 нафар фан номзоди бор.

Кейинги йилларда мамлакатда хусусий секторга берилаётган эътибор туфайли вилоятимизда нодавлат тиббиёт муассасалари ҳам кўпайиб, уларнинг сони салкам 400 тага етди. Уларда ҳам 4 мингдан ошиқ тиббиёт ходими фаолият олиб бормоқда.

Хусусий секторга тўғридан-тўғри чет эл инвестициясини жалб этиш бўйича Буюк Британия, Германия ва Италия компаниялари билан ҳамкорликда 3 та йирик лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.

2019 йили Наманган давлат университети ва Урал давлат тиббиёт университети ҳамкорлигидаги қўшма тиббиёт факультети очилди. Факультетда ҳозирда жами 141 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Давлат раҳбари кўрсатмасига асосан келгусида Наманган шаҳрида тиббиёт институти филиалини очиш ва вақт ўтиши билан уни алоҳида муассасага айлантириш режалаштирилмоқда.

- 2020 йил халқимиз, хусусан, саломатлик посбонлари учун мислсиз синов ва катта имтиҳон даври бўлиб қолмоқда. Бутун дунёни саросимага солиб қўйган коронавирусга қарши курашда наманганлик шифокорлар ҳам фидойилик намуналарини кўрсатди, десам муболаға қилмаган бўламан. Биз сизларга вилоят аҳли номидан чуқур миннатдорлик билдирамиз, - деди вилоят ҳокими.

6 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида  соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда кўплаб масала ва муаммолар тилга олинди, соҳани такомиллаштиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди. Вилоят раҳбари ўз сўзида ушбу селектордан келиб чиқадиган вазифаларга батафсил тўхталди.

Тадбир якунида бир гуруҳ тиббиёт ходимларига вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.