Вилоятимизда короновирус инфекциясига қарши кураш, одамлар саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Гарчанд карантин тартиблари юмшатилган бўлса-да, тиббиёт ходимлари асло хожиржамликка берилганлари йўқ. Уларнинг зиммасига янада масъулият ва улкан вазифалар юкланяпти. Аҳоли соғлигини сақлаш ва уларнинг ўзлари ҳам саломатликларига бефарқ қарамасликлари учун хонадонма-хонадон юриш билан бирга мобил алоқа воситалари орқали мобиль бригадалар фаолияти йўлга қўйилди.

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 3-оила поликлиникасида касаллик ёки унга гумон қилинганларга тезкор ва малакали тиббий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий қилингани айни муддао бўлди. 13 та МФЙ даги 76 минг нафарга яқин аҳолига хизмат қиладиган мазкур муассасада ташкилланган мобил патронаж хонасида мазкур ҳуддудларга бириктирилган патронаж ҳамширалар учун 13 та столда мобил телефони ишлаб турибди. Хар куни 2 навбатда 13 нафардан иборат патронаж ҳамширалар, эрталабки 8.00 дан кечки 20.00 гача ўзларига бириктирилган маҳаллалардаги 20-50 тадан хонадонларга телефон қилишиб, қўн­ғироқлар орқали оила-аъзоларининг соғлигидаги ўзгаришлар, яъни "Covid-19" белгилари: иситма, ҳолсизлик, томоқ қичишиши, йўтал ва бошқа ўзгаришлар бор-йўқлигини сўрайдилар. Мабодо мана шундай белгилар пайдо бўлган тақдирда, ушбу телефон рақамларига зудлик билан қўнғироқ қилишларини, яъни бемор поликлиникага келмасдан, чора - тадбирлар қўлланиши мумкинлигини ҳам тушунтириб ўтадилар.

Бу эса, коронавирус инфекциясини юқтириб олган бемор касаллик бошлангандан сўнг ёки касаллик белгиси ва асоратли ҳолатларда кечикиб шифокорга мурожаат қилишининг олдини олади.

- Патронаж қиз билан боғланганимда, ўзимни лоҳас ҳис қилаётганим ва тунда иситма чиққанини айтдим. У тезда шифокорлар гуруҳини жўнатди. Оила аъзоларимиздан таҳлил олишди ва менга биринчи ёрдам кўрсатишди. Стационар шароитда даволаниб, касалликни тезда енгиб ўтдим. Дориларни ўз вақтида истеъмол қилганим ва нафас машқларини бажарганим яхши самара берди. Қолаверса, мобил бригадаги мутахассислар ҳам тез-тез ҳолимдан хабардор бўлдилар, - деди Н. Исломов.

"Мобил патронаж" хонасида нафақат мурожаат этган беморлар, балки аҳолининг соғлом қатламлари билан ҳам мобил алоқа орқали суриштирув тадбирлари олиб бориляпти. Патронаж ҳамшира нав­батма-навбат, ўзига бириктирилган ҳудуддаги фуқаролар билан телефонда гаплашади. Касалланган ёки касаллик белгиси бор беморлар учун суриштирув олиб боради. Агар гумон қилинган шахсларда ёки касаллик аломати сезилган тақдирда, патронаж ҳамшира 14-­столдаги статист ҳамширага йўналтиради. Статист ҳамшира ва навбатчи врач, патронаж ҳамшираларнинг аниқлаган касалликлари вақтига қараб, тартибини юритиб, ҳисоб-китоб қилиб боради. "Covid-19"га гумонганлар манзили мобил бригадага етказилади.

- Мобил патронаж ва мобил бригадалар учун барча шароитлар муҳайё қилинди, - дейди поликлиника бош врачи Шокиржон Ҳайдаров. - Шаҳар ҳокимлиги томонидан қўшимча автомобил билан таъминландик. Мобил бригада мутахассислари ҳар бир чақирувга лаборант ва дизенфекторлар билан бирга боради. Хонадонлар дизенфекцияланиб, гумонланувчилардан таҳлил учун суртма олинади, касалликни енгил даражаси бўлса, уй шароитида даво чоралари қўлланади. Биз асосий эътиборни амбулатор шароитда даволанаётганларга қаратмоқдамиз. Қолаверса, вирус юқтириб олганларни эрта аниқлаш ва шубҳа қилинган шахсларни муассасага келмасларидан туриб, самарали даволаш мумкинлигини тушунтиряпмиз ва буни амалиётда кенг тадбиқ қиляпмиз. Фақат зарур ҳоллардагина "Covid-19" шаҳар штаби билан боғланиб, керакли чора-тадбирлар белгилаяпмиз.

- Ҳудудимизда уй шароитида даволанаётган 51 нафар беморимиз бор. Уларга алоҳида ишлаб чиқилган йўриқнома бўйича дори-дармонларни ўз вақтида тарқатяпмиз, - деди бош ҳамшира Донохон Низомова биз билан суҳбатда. - Шунингдек поликлиникамизда "Covid-19"га биокимёвий таҳлил учун суртма олиш биринчилардан бўлиб йўлга қўйилди. Ҳар бир тиббиёт ходимининг саломатлиги ўз вақтида назорат қилиб борилмоқда. Мобил гуруҳларимиз учун 3800 дона бир марталик ва 120 дона кўп марталик комбензон, 17.500 дона ниқоб, 300 дона махсус кийим-бош, тиббий қўлқоп ва антисептик воситаларининг заҳираси мавжуд.

Дарҳақиқат, мобил патронаж ва мобил хабар олиш гуруҳи фаолияти таҳсинга лойиқ. Мобил патронажларнинг бош ҳамшираси, статист Гавҳар Саидова ўзига юклатилган масъулиятли вазифани чин дилдан бажармоқда. Навбатчи врач Исломхон Турсунов, мобил бригада аъзолари врач Аброр Қуронбоев, ҳамшира Муниса Нўъмонова, дизенфектор Қобил Ризаев, лаборант Дилфуза Қаҳҳороваларнинг хизматларидан ҳам эл мамнун.

Манзура ЭРГАШЕВА.