БУНИ УНУТИШГА ҲЕЧ КИМНИНГ ҲАҚҚИ ЙЎҚ!

2020 йил дунё аҳлининг ҳаётида хатарли йил сифатида из қолдираётганини барчамиз билиб ва кўриб турибмиз. Аммо, бу хавф олдида эсанкираш асло мумкин эмаслигини, аксинча ҳушёрлик, сабру сабот, темир интизом, қатъиятлилик янада кучайтирилиши зарурлигини аллақачон англаб етдик. Ахир худди шу хислату фазилатлар ўз вақтида устуворлик касб этмаган мамлакатларнинг халқи кўп жабру талофат кўрди. Пандемия ҳеч кимни ҳеч вақт аяб ўтирмаслигини, зарра-зарра вирус ўлим элчиси эканини каттаю кичикка яна такрор-такрор тушунтириб ўтиришнинг энди хожати йўқ. Чунки, бундай кўргуликдан ҳеч бир давлат, ҳеч бир халқ четда қолмаётгани ойнадай аён.

Ҳаётнинг қизиқлигини қарангга, бугун кечаги, яъни бир маромли тинч-осуда кунларга қайтишни орзу қилиб турибмиз. Сирасини айтганда, ўша дамларнинг қадрига унчалик етмаганимизни, гоҳ - гоҳ шукроналикни унутиб, нолишни ўзимизга эп билганимизни эслаш энди ҳижолатли. "Бир ёмоннинг бир яхшиси бўлади" дейилганидек "Covid - 19" кўзларимизни бир қадар очиб қўйишгаям олиб келганини тан олайлик. Соғу саломат тонгда уйғониб, баланд руҳда оилавий нонуштага ўтириб, сўнгра катта фарзандларимизни олий ўқув юртига, коллеж, лицей ва мактабларга, кичикларини боғчага кузатиб, хотиржам ишхоналаримизга боришимиз қандай бахт эканини бугун инкор этишга журъатимиз етармикин? Етмайди, албатта. Ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати ақлимизни пешлашга ўргатиб қўйди, кўнглимизни эзгу ҳисларга тўлдириб яшашга мойиллантириб, ҳатто ўша завқли осудаликни қўмсатиб, соғинтириб, қадрини осмонлатиб юборди. Яхшиям инсонпарвар жамиятимиз бор экан, яхшиям куч-қудрати ўзига яраша давлатимиз бор экан, яхшиям халқининг бугуни ва эртаси учун кеча-кундуз бетиним қайғурадиган, унча-мунча улкан режаларни қисқа фурсатда натижага айлантириб юборишга қодир Президентимиз бор экан, пандемиянинг кўзга кўринмас қирғинидан одамларимизни сақлаб қолишнинг уддасидан чиқилмоқда.

Тўхтовсиз тарғиботу назорат билан карантин талабларининг энг муҳим ва энг зарурлари турмуш тарзимизга айлантириб юборилмоқда. Яъни ниқоб тақиб юриш, икки метрли оралиқ масофани сақлаш, қўлни антисептик воситалар билан тез-тез ювиб туриш деярли одат тусига кириб бормоқда. Соғ­ломлаштиришнинг кўҳна қадриятларимизга монанд, ахлоқ-одоб доирасидаги унутилиб бораётган айнан ҳозирги пайт учун хосу мос ҳолатлари ўзаро муносабатларимизда қайта кўрина бошлади. Кўксимизга қўлимизни қўйиб, бошимизни сал эгганча саломлашишга нима етсин! Ҳам чиройли, ҳам ярашиқли, ҳам хавфсиз. Қадрдонлик сўзда эмас, қалбда, қилаётган амалларимизда акс этиши керак. Бугун эриш туюлган ҳолат эртага барчанинг турмуш тарзига кириб қолса, бундан ҳамма бирдай ютади. Коронавирусгина эмас, бошқа юқумли касалликларгача кўпаёлмай, зим-ғойиб ҳолга тушади. Биз ҳам, сиз ҳам, улар ҳам саломат яшайдиган ва ишлайдиган муҳит яратилади.

Инсон - озиқ-овқат билан тирик, кийим-бош билан рисоладаги қиёфага киради, бундан бошқа ҳаётий эҳтиёжлари, ҳатто муаммолари ҳам борки, улар ўз-ўзидан ҳал бўлмайди. Пул керак, пулни эса ишлаган топади. Демак, фақат уйда ўтиравериш билангина қийин ва мураккаб вазиятдан тўлалигича чиқиб кетолмаймиз. Ҳозиргача, уйда қолиб, яккаланган ҳолда жипслашиб, вируснинг халқасини узиб бордик ва муайян натижаларга эришдик. Энди йилнинг саккизинчи ойи иккинчи ярмига қадам қўйдик. Агар бундан буён берган вақтларимиз ўрнини қоплаш учун жорий тартибларга тўкис амал қилиб, яшашимиз ва ишлашимиз шарт. Панд еб қолишимиз ҳеч гап эмас. Биз айни маҳалда касалликка қарши қўйган "ғовлар"имизни янада мустаҳкамлаб бормасак, шифохоналардаги даволаш муолажаларини мақсадга мувофиқ давом эттирмасак, ҳозиргача эришган натижаларимиз салбий томонга ўзгариб кетиши мумкинлигини унутиб қўймаслигимиз шарт. Бу жуда - жуда қимматга тушади. Ўтган беш беш ой ичида озмунча ишларни рўёбга чиқардикми. Биргина вилоятимиз миқёсида амалга оширилган чора-тадбирларнинг, бажарилган кенг қамровли даволаш - профилактика ишларининг, буларга ажратилган катта миқдордаги пул-маблағларнинг самараси халқимиз хотиржамлигининг ва шу юрт фуқароси эканидан беҳад ғурур туюшининг асосий омилига айланиб турибди. Лекин ҳали олдимиздаги, ёнимиздаги ёвдан батамом қутула олганимиз йўқ. Ҳушёрлик, ҳушёрлик ва яна ҳушёрлик керак уйда ҳам, кўчада ҳам, иш жойларида ҳам.

Яқинда Наманган вилоятида коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят комиссияси йиғилиши бўлиб, унда эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда 11 августдан карантин талабларини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган баён қабул қилинди. Ҳозирда эпидемиологик вазият бар­қарорлиги доимий назоратга олинган. Вилоят ҳокимлиги, давлат хавфсизлик хизмати, прокуратура, ички ишлар бош­қармаси, Миллий гвардия, соғлиқни сақлаш ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларидан иборат штаб куну тун фаолиятда. Маълумотларга назар ташласак, 25 августга қадар вилоятда коронавирус инфекция­си билан касалланганлар 892 нафарни ташкил этмоқда, уларнинг 835 нафари (94 фоизи) буткул соғайди. Афсуски, 5 нафари ҳаётдан бевақт кўз юмди.

Вилоятда "Covid-19"га қарши курашга 5194 нафар врач ва ҳамширалар сафарбар қилинган эди. Кейинги ҳафталарда нафақадаги шифокорлар, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқитувчилар ва битирувчилари ҳисобига яна кўпайтириб борилмоқда. Карантин чекловлари босқичма-бос­қич юмшатиб борилиши муносабати билан касалланиш ҳолатлари кескин кўпа­йиб кетиши эҳтимоли кучлилиги назардан четда қолдирилмаяпти. Бундай нохуш вазият туғилишининг олдини олиш ҳамда беморларга малакали тиббий хизмат ташкил этиш масаласига янада жиддий эътибор қаратилмоқда. Зеро, карантин талабларининг бўшатилиши карантин бутунлай тугади, чекловларнинг барчаси бекор қилинди, деган тушунчани англатмаслиги керак. Бундан буёғигаям эҳтиёткорликни янада кучайтиришимиз, заҳира имкониятларимизни ошириб боришимиз лозим. Ҳар бир ташкилот ва корхонада санитария меъёрларига риоя қилиниши, айниқса, ошхоналарнинг ҳолати ҳамиша назоратда бўлиши мақсадга мувофиқ. Битта столда 2 нафардан ортиқ хўранда овқатланмаслиги, бинолар ҳудуд ва хоналарни дизенфекциялаш сифатли ўтказилиши, идиш-товоқларни дез моддалар билан зарарсизлантириш жуда муҳим, кириш қисмида дезинфекцион тунел ва дезтўшамлар бўлиши, келувчиларнинг тана ҳароратини масофадан ўлчаб ўтказиш ғоят зарур.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, дезинфекция тадбирларини ўтказиш учун санитария-эпидемиологик осойишталик муассасаси омборида нарсаларнинг деярли барчасидан керакли заҳира яратиб қўйилган. Бир маротабалик 3722 та комбинзон, 92.493та ниқоб, 24.620 жуфт қўлқоп, 4671 та кўзойнак, 337 та респиратор, 186 та пирометр, 1728 та антисептик спрей, 1714 кило АБК хлор ва бошқа энг зарур нарсалар мавжуд. Жами 35 турдаги маҳсулотлар келтирилган. Демак, тиббий воситалар таъминотида ҳеч бир муаммо йўқ.

Шуларга қарамай, бутун халқимиз онгли равишда соғ­лом турмуш тарзига амал қилмаса, кутилган ижобий натижага эришиш жуда мушкул. Бу борадаги тарғибот ва ташкилотчилик асло сусайтирилмаслиги лозим. Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифи чоғида аҳолининг саломатлигини мус­таҳкамлаш тадбирларини изчил ўтказиш, айниқса, ҳар куни ёшларнинг 5 километрга пиёда юриши, кекса отахон ва онахонларимизнинг 2-3 километргача енгил ҳаракатини йўлга қўйиш кўрсатмаси берилгани ҳам бежиз эмас. Инчунин, ноинфекцион хасталикларнинг деярли 70 фоизи нотўғри овқатланиш ва жисмоний фаол бўлмаслик оқибатида келиб чиқмоқда. Шу боис, аҳолига тўғри овқатланиш, меваларни, сабзавотларни меъёрида тановул қилиш, туз ва шакарни камроқ ейиш, таомлар тайёрлашда ҳайвон ёғларидан фойдаланмаслик тўғрисида зарур тушунчалар берилмоқда. Тажриба ва кузатувларда аёнки, ҳозирда вирус юқтириб олган беморлар орасида соғлом турмуш тарзига риоя қилган беморларда касаллик белгилари кам учраяпти, асосан енгил кечмоқда.

Бугунги кунларда мутахассислар томонидан аҳоли учун профилактика мақсадида цинк, яъни рух препаратлари, Д витамини каби зарур элемент­лар тавсия қилинмоқда. Сабаби, Д витамин етишмаган беморларда, касаллик айниқса оғир кечиши яққол кўринмоқда.

Вилоятимиз тиббиёт муассасаларида Витамин С, яъни аскорбин кислота заҳираси ҳам яратилган. Профилактика мақсадида бемор билан мулоқотда бўлган фуқароларга бериб борилмоқда. Айни маҳалда коронавирус инфекциясига қарши ичиладиган дориларнинг 8000 та жамланмаси келтириб, тарқатилмоқда. Яна 5000 та Плаквинил дориси заҳирасига ҳам эга бўлинди.

Яхши биламизки, коронавирусга чалинганларда кислород етишмаслиги ҳолатлари уларнинг ҳаётига қаттиқ хавф солади. Ана шунинг учун коронавирусни даволашга ихтисослашган 2 та вилоят шифохонасининг ҳар бирида 50 тадан кислород билан таъминланган ўринлар тайёрланган. Ҳар бир туманда ҳам юқумли касалликлар шифохонасининг кислород билан таъминланган ўринлар сони кўпайтирилди. Шунингдек, Наманган шаҳридаги "Баркамол авлод" спорт комплекси биноси 500 ўринли ташхис ва саралаш маркази учун заҳира жой сифатида жиҳозланди.

Бирламчи тизимда онлайн-патронаж хоналари ташкилланди. У ерда ўтирганлар хонадонларнинг соҳиблари билан телефон орқали боғланиб, касаллик ривожланиб, тарқаб кетмаслиги чора-тадбирларини кўрадилар. Ҳар бир поликлиникада мобиль гуруҳлар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг билим даражалари ZOOM дастури орқали синовдан ўтказиб борилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги муаммоли вазиятдан тезроқ чиқиб кетиш, халқ соғлигини муҳофазалаш ишларини юксак талабларга мувофиқ бўлишини таъминлашга доимий эътибор қаратмоқда. Жумладан, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 534,6 миллион сўмга 324 та кислород балонлари олиб келинди. Фақат шугина эмас, вилоят ҳокимининг тегишли фармойишига биноан тез тиббий ёрдамни тобора яхшилаш имконини берувчи 29 та янги "Дамас" русумли махсус автомашина тар­қатилди. 15000 дона бир марталик комбинзон сотиб олинди. Жаъми 1 миллиард 560 миллион сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари Наманган шаҳар санитария-эпидемиологик осо­йишталик марказига 740 миллион сўмлик ПЦР аппаратигача ўрнатилди.

Аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси билан бемор аниқланганда стационар ёки уй шароитида даволаниши учун тўғри тавсия берилишини йўлга қўйиш мақсадида вилоят бўйича 26 та (шаҳарда 4 та, туманларда 2 тадан) мобиль гуруҳлари ташкил этилган эди. Ҳозирда эса буларнинг ёнига яна 149 таси қўшилди. Гуруҳлар туну-кун ишлаши учун автомашиналар бириктириб қўйилди.

Тез тиббий ёрдам хизматига аҳолидан тушаётган чақирув юкламаларини камайтириш мақсадида вилоятдаги 198 та ҚВП, ҚОП ва ОПларга 76 та стационар ва 122 та мобиль телефон аппаратлари тарқатилди. Вилоят тиббиёт муассасаларида тор доирадаги ихтисослика эга шифокорлар томонидан онлайн тарзда тиббий маслаҳат кўрсатиш жорий қилинди.

Халққа қулайлик яратиш учун барча даволаш-профилактика муассасаларида соат эрталабки 8.00дан 18.00га қадар коронавирус инфекцияси бўйича бирламчи маслаҳат бериш CaII маркази ишлаб турибди. Вилоятдаги мавжуд бирламчи тиббий-санитария муассасалари 24 соатлик иш режимига ўтказилган. Айни дамда шаҳарда ва туманларда махсус "Covid-19" поликлиникалари очилган.

Давлатимиз томонидан пандемияни бартараф этиш учун катта миқдорда пул маблағ сарфланаётганини зўр мамнуният билан таъкидлашимиз жоиз. Жумладан 5 та даволаш - профилактика муассасаларига қиймати 15 миллиард 154 миллион сўмликка тенг бўлган 42 турдаги 1052 дона энг замонавий тиббий ускуналар берилди. Улар 95 та спаП, 15 та ИВЛ, 5 та кўчма рентген аппарати ва 90 та кислород концентраторидан иборатдир.

Ҳар бир ишда инсон омили ғоят муҳим ўрин тутади. Пандемия шароитида бунинг ҳал қилувчи аҳамияти янада яққолроқ намоён бўлаётир. Хавф-хатарга тўла курашга сафарбар этилганларга ғамхўрлик тобора кучайтирилмоқда. Катта миқдордаги иш ҳақи-ю, 6 фоизлик устама махсус рағбатлантириш тўловларига миллиард-миллиард пул-маблағлар йўналтирилмоқда.

Юқоридаги ишлар ҳали ҳозир давомли. Вилоят ҳокимининг 2020 йил 13 августдаги 234-Ф-сонли фармойишига асосан яна ИВЛ аппаратлари олиш учун 3 миллиард 270 миллион сўм йўналтирилди.

Айни маҳалда Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 1000 та пульсоксометр, 90 та кислород концентратор, 20 та СПАП ҳамда 40 та кардиомонитор учун 3 миллиард 500 миллион сўм ажратилди.

Албатта, карантин чекловлари бос­қичма-босқич юмшатилишини инобатга олган ҳолда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси эҳтиёт чора-тадбирларини кўриб қўйгани ҳам ҳаётий ҳақиқат. Қўшимча 3300 та заҳира ўринлар мавжуд. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 12,6 миллиард сўмга 71 турдаги дори-дармонлар, 10 турдаги шахсий ҳимоя ва зарарсизлантирувчи воситаларнинг 3 ойлик заҳираси яратилган.

Амбулатор - поликлиника шароитида коронавирус инфекцияси билан касалланган ва унга гумон қилинган беморларни даволаш йўриқномаси 106 минг нусхада кўпайтирилиб, ҳудудларга тарқатилди. Аҳолининг булардан хабардорлиги таъминланди.

Президентимиз қайта-қайта уқтираётганларидек: "Айни вақтда ҳаётимизни нормал изга солиш, иқтисодиётимизни тиклаш учун пандемия шароитида яшашга ва меҳнат қилишга ўрганишимиз, барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, бу борада бошлаган ишларимизни темир интизом билан давом эттиришимиз керак".