Инфекционист врач Қосим МАМАДАЛИЕВ ана шундай халоскорлардан бири

 

Қосим Ҳасанович палатадан чиқаркан, енгил нафас олди. Юзидаги ташвиш аломатлари чекиниб, хотиржамлик кўнглига ина бошлади. Ахир кечагина кўзини очиш у ёқда турсин, нафас олиши мушкуллашаётган, ранги докадек оқариб, лаблари кўкимтир тусга кираётган, ўлим дарагини берувчи белгилар бемордан энди йўқолди. Туни билан қилган ҳаракатлари зое кетмади. Матонатли ҳамширалар кўмагида муолажаларни ўз вақтида, имкон қадар тез ва сифатли бажарилишини таъминлагани ўз самарасини кўрсатди.

- Дўхтир, яхшиям сизлар бор экансиз, бўлмаса... - лаблари шивирлади бемор йигитнинг. - Кимлигингизни билмайману, лекин сиз менинг ҳаётимни сақлаб қолдингиз, оиламдаги яқинларимнинг жудолик жабрини тортишларидан асрадингиз. Ўзингизнинг жонингизни гаровга қўйишдан чўчимадингиз...

Секин-секин эшитилса-да, шифокорнинг кўнглини тоғдек кўтарди беморнинг мамнунлик эътирофига тўла сўзлари. Бироқ унинг учун бу оддий ҳол. Ахир врачлик вазифаси, бурчи шуни тақозо қилади. У вирусдан, микробдан қўрққанида эди тиббиётнинг шу соҳасини танлармиди. Аммо, ҳар қандай "ботир"ларнинг оёғини "COVID-19" титратиб қўяди. Қўрқмаслик туйғусидан кўраям ҳушёрлик, эҳтиёткорлик, барча санитария-гигиена, эпидемия талабларига худди аскардек қатъий, сўзсиз амал қилиш, буни темир интизом сифатида саъй-ҳаракатига низомга айлантириб олиш Қосим Ҳасанович учун муҳимдан-муҳим.

У ҳамкасблари билан биргаликда кўринмас ёвни беморлар танасидан чекинтиришнинг энг мақбул, энг самарали, энг хавфсиз йўлларини тезда ўзлаштириб, нималарга қодир эканлигини ҳар онда, ҳар дақиқада, ҳар соатда кўрсатаётгани боис фидойилик фазилати айниқса беморларни беҳад қувонтирмоқда. Шунинг шарофатидан коронавирусни юқтириб келганларнинг танаси қисқа фурсатда "тозаланяпти". Иммунитети кўтарилган бемор хоҳ аёлу эркак, хоҳ ёшу кекса бўлсин ёвуз ёвни енгиш билан, оиласи бағрига бешикаст, беасорат соғайиб қайтяпти.

Ана у дераза ойнасидан ҳовлида кузатилаётганларга мамнун назар ташлаяпти. Улар кечагина бу масканга қай аҳволда келишган эди-ю, бугун қайта туғилгандек атрофга, одамларга суқланиб, юраклари тўла ҳая­жон билан ҳаётга боқишяпти. Кимдир телемухбирга врачларнинг шу куннинг чинакам қаҳрамонлари сифатида улуғлаб интервью бермоқда.

Қосим Ҳасанович, жилмайганча, "Худога мингдан минг шукур" дейди ўзига-ўзи. Шундай истиқлолли Ўзбекистонда камол топганига, шундай инсонпарвар юртнинг тиббиётчиси бўлганига, шундай оламий фалокат ва омммавий ҳалокат чоғида билим ва малакасини коронавирусга қарши қалқон қилаётганига. Ва неча-неча кишиларнинг умрига умр қўшаётганига...

- Қосим Мамадалиев шифохонамизнинг энг масъулиятли постида, яъни жонлантириш бўлимимизда фаолият юритади, - дейди бош врач Жакбарали Қурбонов. - Унинг ўн тўрт кунлик бедорли кунларини жасорат палласига қиёсласак, асло муболаға эмас. Етти ўлчаб бир кесиши, нишонни тўғри олиши, зарра-зарра вирусга кетма-кет берадиган зарбасининг зўрлиги қирон келтиряпти. Фидоий ходимимиз билан жуда фахрланамиз.

Беморларнинг ихлосига сазоворланиш, халоскорлик мақомида ҳамкасбларига ўрнак кўрсатиш, раҳбар ишончини ҳамиша оқлаш унинг учун фаол фаолият мезони. Билимининг чуқурлигию, малакасининг мукаммаллиги эса, шифокорнинг коронавирусдан азоб чекаётган ҳар бир беморни соғлом ҳаётга қайтаришига мушаррафликдан беҳад қувонч туюшига олиб келмоқда.

Дарвоқе, Қосим Мамадалиев 1969 йили Шаҳанд қишлоғида таваллуд топган. 1995 йили Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетини ўқиб тугаллаган. Толеини қарангки, чорак аср муқаддам вилоят юқумли касалликлар шифохонасида интернатурани ўтаган ёш мутахассис 2008 йилдан яна шу масканда ишламоқда. Энди у бой тажрибага эга. Чунки бунгача Мингбулоқ ва Тўрақўрғон туманларида қанчадан-қанча беморларни юқумли хасталиклардан ҳалос қилиб, олқишу раҳматларнинг миллионерига айланишга улгурган эди-да.

Содиқ САЙҲУН.