Ўзбекистон инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси экспертлари коронавируснинг

енгил шаклига чалинган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик клиник қўлланма ишлаб чиқди.

Касалликнинг енгил шаклини юқтириб, уйда ўзини ўзи яккалаган беморларни масофадан туриб даволашнинг илғор халқаро тажрибалари устида ҳам изланишлар олиб борилди. Бу коронавируснинг оғир тури билан касалланган беморларни муваффақиятли даволашда соҳа ходимлари учун қўшимча енгиллик ҳам беради, дейиш мумкин.

Маълумки, Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясини юқтириб олган беморлар фақат стационар шароитда кузатувга олинар ва даволанар эди.

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати маълум қилишича, куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилган вақтинчалик клиник қўлланма уй шароитида даволанаётган беморлар билан ишлайдиган тиббиёт ходимлари учун алгоритм ҳаракатини акс эттиради. Қўлланмадан беморлар ва уларнинг оила аъзолари учун тавсия­лар, бемор уйида ўзини ўзи кузатиш жараёнини акс эттириб, натижасини ёзиб бориши зарур бўлган илова ҳам ўрин олган.

Соғлиқни сақлаш тизими ходимлари учун бугунги кун шароитига тўғри келадиган клиник исботлар, экспертлар хулосалари келтирилган.

Қўлланмада қайд этилганидек, беморни уй шароитида даволаш касалликнинг енгил шакли кузатилганида ёки хасталик аломатларининг кам кўринишида, унинг мураккаблашиш хавфи бўлмаганида тавсия этилади.

ЎзА