Аллергик касалликлар айни пайтда инсониятни безовта қилиш билан бирга одамлар саломатлигига жиддий путур етказмоқда. Шу боис ҳам бу борада жаҳон миқёсида илмий тадқиқотлар олиб борилади. Тажриба-синов амалиётлари ўтказилади. Вилоятимизда ҳам мазкур йўналишда дастлабки қадамлар қўйилмоқда. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида амалга оширилаётган лойиҳа ҳам жуда муҳим аҳамиятга эгадир.

Гап шифохона мутахассисларининг Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Халқаро молеркуляр аллергия маркази олимлари билан ҳамкорлиги ва унинг дастлабки самаралари ҳақида бормоқда. Бир неча йилдирки, аллергик касалликларнинг омилларини аниқлаш ва уларга қарши самарали даволаш юзасидан илмий тадқиқот ўтказилмоқда. Халқаро марказ томонидан тиббиёт маркази томига турли юқори технологик тутқичлар ўрнатилиб, қайси вақтда қандай таъсирлар аллергик ҳуружларни юзага келтириши мумкинлиги ўрганилмоқда.

- 282 та омил юзасидан синов боряпти, ҳозирга қадар 200 дан ортиқ таҳлиллар олинди, - дейди ВБКТТМ аллергия бўлими раҳбари, тажрибали шифокор Манзурахон Ҳожиматова. - Бу билан бирга пойтахтлик олимлар Наманганга келиб аллергик касалликлардан азият чекаётган беморларни тиббий кўрикдан ўтказишяпти. Уларни хасталикдан фориғ қилиш борасида бизга яқиндан ёрдам беришяпти.

Дарҳақиқат, ўтган шанба куни Халқаро марказ раҳбарининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Гулнора Жонибекова вилоятимизга ташриф бу­юриб, малакали тиббий кўрик ташкиллади. Олима 70 нафардан зиёд турли ёшдаги беморларнинг ҳолатини кўздан кечирди. Уларни даволаш бўйича тавсиялар берди.

Бундан ташқари тадқиқот ишлари ҳам жадаллашмоқда. Тутқич аппаратларидаги ҳосилалар йиғиштириб олиниб, текширувлар бошланмоқда. Наманган табиатида аллергик касалликларни қўзғовчи манбаалар ва омиллар ҳақида хулоса берувчи маълумотлар жамланмаси яратилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар пировардида эса асаббузар хасталикни даволаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. Бу жараёнга вазир ўринбосари Олимжон Тўйчиев бевосита раҳбарлик қилмоқда.

Абдулла ҒОЗИЕВ.