Самарали даволаш чоралари кўрилаётганлиги боис коронавирус инфекциясига чалинган ҳамюртларимиз бирин-кетин соғайиб оилалари бағрига қайтмоқдалар.

Наманган вилоят юқумли касалликлар шифохонасида оғир дардни бошдан кечириб, шифокорларнинг матонатли хизматлари билан бутунлай соғайган яна етти нафар юртдошимизни кузатиш маросими бўлди. Давлатимиз ғамхўрлиги, соғлиқни сақлаш тизимининг юксак салоҳияти билан оёққа турганлар кўрсатилган эътибор ва эъзоз учун чин дилдан миннатдорчилик билдирдилар.

Улар орасида бир нафар аёл ва олти нафар эркак бор эди. Шундай қилиб бугунга қадар соғайганлар сони 265 нафарга етди. Яна 25 нафар бемор белгиланган стандартлар асосида даволаш муолажаларини олмоқда.

Шу куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов шифохонада бўлиб, муассаса ходимлари билан мулоқот қилди. Суҳбат чоғида даволаш ишларини белгиланган стандартларга мувофиқ олиб бориш, тажрибали мутахассислар маслаҳатига амал қилиш, дори-дармон таъминоти ва бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.