30 июнь – Ёшлар куни

Ёшлик - инсон умрининг энг бебаҳо ва энг ғанимат палласи. Шундан ҳар бир ўғил-қизнинг қалбида юксак орзу-умидлар жўш уради, уларга етиш учун интилиш, изланиш ва муттасил курашиш ҳисси бирор лаҳза тинч қўймайди. "Интилганга толе ёр" деганларидек, ҳар бирлари ҳаётдан ўзларига муносиб ўрин топишади, бахту саодат нашидасидан яйраб-яшнашади бизнинг ҳур Ўзбекистонимизда.

Ахир уларга Юртбошимизнинг ишончлари баланд, рағбату эътиборлари юксакдан юксак. Президентимизнинг "Биз ёшларга доир давлат сиёсатини ҳеч оғишмасдан, қатъият билан давом эттирамиз, балки бу сиёсатни энг устувор вазифамиз сифатида бугун замон талаб қилаётган юксак даражага кўтарамиз.

Ёшларимизнинг мустаҳкам фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиш учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз" дея алоҳида таъкидлаганлари ҳамиша ёдимизда.

Мана, ўтган уч йилдан зиёд вақт ичида юқоридаги сўзлар чинакамига ҳаётий ҳақиқат касб этди. Янги Ўзбекистоннинг янги авлоди янги марралар сари муттасил интилиб, жаҳонга танилиб улгурди. Айниқса, спортда, илм-фанда ва бунёдкорликда. Футболда наманганлик Одил Аҳмедов, боксда чустлик Муроджон Аҳмадалиевларнинг машҳурлиги кўнгилларимизда ҳадсиз фахр уйғотади. Тиббиёт соҳасидаги ёшлар ҳам бўш келишмаяпти. РШТЁИМ Наманган филиалининг нейрохирурги Сайдулло Шарифбоевнинг хорижий давлатлардаги ҳамкасблари, устозлари тажриба - малакаларини пухта ўзлаштирган ҳолда уларни амалиётда дадил қўллаётгани ғоят қувончли самаралар бермоқда.

Бугун жўшқин қалбли йигит-қизлар тиббиётчи жамоаларининг авангарди бўлиб келишмоқда, десак ҳам ҳеч муболаға эмас. Айниқса, кўпсонли ҳамшираларнинг фаолиятлари диққатга лойиқ. Улар "Йил ҳамшираси" Республика кўрик-танловларида муттасил ғолиблар сафидан ўрин олишаётганини яхши биламиз. Шунингдек, тармоқда бирор бир тадбир йўқки, унда ёшлар алоҳида фаоллик кўрсатишмаётган бўлсин.

Айниқса, бу йилги пандемия шароитида врачларнинг, фельдшеру ҳамшираларнинг нав­қирон авлоди учун катта синовга айланди. Фидоийлик, касбига садоқат, қаламига содиқлик фазилатларини яққол намойиш қилишмоқда. Касаллик тарқалишининг олдини олишда ва даволашда устозларининг ҳамишалик кўмакдошларига айланиб қолишди. Халқимизни соғлиғига ёпирилган бало-офатдан тезроқ фориғ этиш, "COVID-19" дан ҳимоялаш хизматини аъло даражада адо этиш ҳаракатидалар.

Ёшликка хос ғайрат-шижоат, курашчанлик ҳислатлари уларни ҳеч қачон тарк этмайди. Байрамни муносиб меҳнат совғалари билан кутиб олишади.