Пандемия шароитида ҳушёрликни унутиш, карантин талабларини менсимаслик, санитария-гигиена қоидаларига амал қилмаслик жонга жабр келтиради. Энг ёмони, бир киши бир неча одамга ҳам зиён етказиб қўяди. Коронавирусни юқтириб олган шахс фақат ўзининггина эмас, атрофидагиларнинг ҳам ҳаётини хавфга қўяди. Чунки, кўзга кўринмас ёв одамдан одамга ўтиб, бирин-кетин йиқитаверади. Яхшиям ғамҳўр давлатимиз бор, ўз ишига моҳир шифокорларимиз бор. Уларнинг жонларини омон сақлаб қолишмоқда. Лекин орамизда шундай одамлар ҳам учраяптики, уларнинг бепарволиги, лоқайдлиги, пул топиш илинжидаги нотўғри хатти-ҳаракатлари кўнгилсиз оқибатларга олиб келмоқда. Қачонки, шифохонага ётқизилганда, яқинларининг тинчи бузилиб, бирга-бирга азоб чекишмагунча кўзлари очилмаяпти.

Биз бошқаларга сабоқ бўлиши учун икки ҳайдовчи шахснинг ҳаётида содир бўлган ачинарли ҳолатни ҳикоя қилишни лозим топдик. Зеро, бу ҳамюртларимизни ҳушёрликни унутмасликдан огоҳласа.

 

ПУШАЙМОНЛИК

У "Фура"нинг рулини пойтахт четидаги "питак"ка бурди. Машинасини тўхтатиб, енгил нафас олди. Сўнг уйидагиларга телефон қилди. Хотини ҳам қўнғироқни кутиб турган экан.

- Алё, дадаси, намунча узоқ қолиб кеттингиз? Наманганга қачон етиб келасиз?

- Режа ўзгариб турибди, хотин, Тошкентдан Қашқадарёгаям бир рейс юк ташлаб, кейин ортимга қайтаман.

- Россияга бориб топганингиз етмайдими, дадаси - хотини таажжубланди. -Чарчамадингизми узоқ йўл юриб, бу ёқда болаларингизам роса соғиниб ётишибти, ҳар куни сўрашгани сўрашган.

- Соддасан-да, хотин, соддасан, пул турганда чарчашга бало борми, сезонда ишлаб олай-да.

- Ҳай майли, аммо-лекин коронавирусдан эҳтиёт бўлинг, дадаси.

Ақл ўргатаверма, ёш боламасманку...

- Хўп-хўп, ўзингиз биласиз, бизга жонингиз омон бўлса, бас...

У беш кун деганда Наманганга кириб келди. Ўзида йўқ хурсанд. Оиласидагиларга совғаларни улашди. Топган пулини хотини қўлига тутқазди. Хонадонидан икки-уч кунгача шодлик аримади.

Агар қаттиқ истима вужудини куйдирмаганида, хотини йиғлаб-сиқтамаганида ичига кириб олган коронавирусни яна неча-неча кун атрофдагиларга тарқатиб юраверади.

Уйчилик ҳайдовчи боши ёстиққа етганида қилиб қўйган хатосидан бениҳоя афсус чекди, ақли кирди:

- Одамлар айтадиганим: пул ҳар вақт топилади-ю, бой берилган соғликни қайтариш эса қийиндан қийин экан. Ўзим қолиб, оиламу қариндош уруғларимгача ҳаётини хавотирга солишга сабабчи бўлиб қолдим. Сизлар асло шундай ҳолатга тушманг...

 

ИЗТИРОБ

- Оғайни коронавирусдан эҳтиёт бўлайлик, бегоналарга яқин бормайлик, ниқобсиз мулоқот қилмайлик! - деди катта юк машинасини бошқариб бораётган ҳайдовчи ёнидаги шеригига.

- Намунча чумчуқ юраксан, ҳадеб ваҳима қилаверма. Ким билан оғиз-бурун ўпишибмизки, бизга вирус юқиб қолса.

- Айттим-қўйдимда, йўлдаги ошхонага ниқобингни тутиб кирмадинг, навбатда турганингда икки-уч киши билан боши бошингга тегиб кетай деган ҳолатда чуғурлашдинг, шу шартмиди. Ҳозир ҳамма жойда икки метрли оралиқ масофани сақлаш кераклиги бежиз ёзиб қўйилмаган.

- Билмасанг билиб ол: агар қирқ йил қирғин бўлсаям...

- Шеригининг гапини кутилмаганда бўлди ҳамкасби.

- Бу ибора бугунги ҳолатимизга сира-сира тўғри келмайди. Ҳозир "доно"ликдан кўра эҳтиёткорлик муҳим. Агар мен ҳам нақл билан айтадиган бўлсам, Аллоҳ ҳам "Асраганни асрайман!" деган экан.

У ялт этиб шеригига қаради-ю, тумтайиб қолди.

- Сен мендан ҳазар қила бошладингми, оғзингга ниқоюбингни тақиб олибсан?

- Нима деб ўйласанг, ўйлайвер, кейин хурсанд бўласан. Очиғи, узоқ юртдан оиламизга, бола-чақаларимиз ёнига соғу-саломат қайтишимиз лозиммасми. Агар шундай бепарволикни, ўзингча "ботирлик"ни ташламасанг, оқибати уқубатли кечишини бугун ўйламасанг, эртага касалхонада шифтга термулиб ётганингда кеч. Бошқаларниям азобга йўлиқтирасан, улар орасида, аввало, хотининг, фарзандларинг бўлишини тушунмаяпсан. Ахир, дунёда қанча-қанча одамлар умрига кушандалик қиляпти коронавирусдек бало - офат...

Осма уколнинг томчилашига қараб, ҳорғин кайфиятда азоб чекиб ётган ҳайдовчининг хаёлидан неча кунки шулар ўтади. Ўзи азобланаётган палата ёнидаги хонада хотини-ю, ўғил-қизигача юқори ҳароратда, нафас олиши қийинлашиб, ҳаёти қил устида турганини ўйласа, ўзидан-ўзи нафратланиб кетади. "Нима қилиб қўйдим? Сафардан қайтган кунимоқ шифокорлар кўригидан ўтиб қўйганимда, яқинларим, бу кўргуликка дучор бўлишмасди-ку!" у изтиробда ёнарди.

- Доктор, - деди устига келган ҳимоя кийимидаги врачга илтижоли оҳангда, - яқинларим аҳволи яхшиланяптими?

Шифокор "ҳа" дегандай бошини олдингга икки-уч эгди. Сўнг "Энди ақлинг кирдими, тартиббузар банда, сенинг касофатинг кўпчиликка урди, эсиз одам" дегандай калласини афсусона тебратди...

Қиссадан ҳисса шуки, азиз юртдошлар, Ўзбекистонимизда коронавирусга чалинганларни дарди зўраймасидан тезкор даволаш чора-тадбирлари тўкис йўлга қўйилган. Бироқ, касални даволагандан кўра, унинг олдини олган, атрофдаги одамларга юқиб, ёйилиб кетишига шароиту имконият туғдирмаган минг бора афзал. Чунки "CОVID-19" ўлим элчиси. Унга рўбарў келишнинг ўзиёқ умрга хатар, соғлиққа талофат. Ким айта оладики, ҳатто тузалаётгани бўлса-да, асорати қолмайди, деб. Пушаймонлик ва изтиробга тушмаслик учун карантин талабларига, санитария-гигиена қоидаларига ҳамма жойда ҳар вақт қатъий амал қилайлик! Соғлом турмуш тарзи - халоват ва хотиржам яшашимизнинг умидли ҳамда ишончли кафолатидир.

Содиқ САЙҲУН.