КОРОНАВИРУСНИ ЕНГИБ, СОҒЛОМ ҲАЁТГА...

Вилоятимизда коронавирус инфекциясига чалинган ҳамюрт­ларимиз зудлик билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилмоқда. Аввалдан тайёрлаб қўйилган махсус бўлимларда беморлар белгиланган стандартлар асосида даволаняпти. Соғломлаштириш жараёнларига энг тажрибали шифокору ҳамширалар жалб қилинган. Улар замонавий ахборот коммуникация воситалари орқали хорижлик ва пойтахтимиздаги нуфузли тиббиёт марказлари мутахассислари билан  биргаликда, бамаслаҳат даволаш ишларини олиб боришмоқда.

Саломатлик посбонларининг туну кун астойдил саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ касаллик чекиниб, дардга чалинганлар бирин-кетин оёққа туришмоқда. Бу жуда мураккаб ва шарафли иш март ойидан бери муттасил давом этиб келмоқда.

-  Оғир аҳволда шифохонага олиб келинган кишиларнинг соғ-саломат муассасани тарк этишлари биз учун гўё байрам тусини олади, - дейди бош шифокор Жакбарали Қурбонов. - Чунки, ўта юқумли ва оғир касалликни бошидан кечираётган кишиларнинг кўпчилиги ваҳимага тушиб қолиб, баъзан ҳаётдан умидини узган бўлади. Шифокорларнинг беминнат хизматлари туфайли уларнинг соғайган сари яшашга ишончлари мустаҳкамланиб боради. Баъзан, реабилитацияга олинаётган одамларнинг кўзларида қувонч ёшлари пайдо бўлиши бежиз эмас. Касбига содиқ тиббиёт ходимларининг сидқидил меҳнатлари туфайли улар соғлом ҳаётга қайтариляпти. Ҳозиргача 254 нафар беморни соғайтиришга эришганимиз тиббиётимизнинг чексиз ютуғидир.

Шундай қилиб, 10 июнь куни шифохонада соғайганларни йигирма бешинчи бор тантанали равишда реабилитацияга кузатиш маросими ўтказилди. Тиббиёт масканида навбатдаги бос­қичда хизматни давом этти­раётган шифокорлар, ҳамширалар, кичик тиббиёт ходимлари майдон узра саф тортишди. Уйчилик Ҳамидулла ва Рислиқой Отахонов, тўрақўрғонлик Адҳамжон Икромов тиббий кузатувнинг иккинчи босқичига - тўла тўкис саломатлигини тиклашга кузатилди.

Хайрлашув олдидан коронавирус инфекциясидан халос бўлганлар фидокорона хизматлари учун инфекционист шифокорлар Илҳомжон Тожибоев, Отабек Нуриддинов, Умида Умарова ва кўп сонли ҳамшираларга чин дилдан миннатдорчилик изҳор қилдилар.

-  Турмуш ўртоғим билан коронавирус инфекциясини юқтириб олганимизда жуда ҳам саросимага тушиб қолган эдик. Давлатимизга раҳмат, бизга ўхшаган беморлар учун беқиёс ғамхўрлик кўрсатилди. Айниқса, фидойи шифокорларнинг фаолиятига тасанно айтиш керак. Улар бизни соғломлаштириш учун бетиним хизматда бўлишди. Бугун ҳаётга қайта келгандек ҳис қиляпмиз ўзимизни. Соғ-саломат реабилитацияга кетяпмиз, - дейди мамнун оҳангда Ҳамидулла Отахонов.

-  Биз ҳам оилавий равишда коронавирус инфекциясига чалинганимизда кўзимизга олам тор бўлиб кетганди. Бугун барча ташвишларимиз ортда қолди, - дейди Адҳамжон Икромов. - Шукр қилишимиз керак, халқпарвар давлатимиз мадади билан бутунлай соғайишга муваффақ бўлдик. Шундай юртда яшаётганимиздан, Ўзбекистон фуқароси бўлганимиздан чексиз фахрландик. Оммавий ахборот воситалари хабарларидан биляпмиз, қайсидир мамлакатларда даволаниш ҳаражатлари қимматлигидан одамлар қийналишмоқда. Бизда эса ҳаммаси давлат томонидан молия­лаштириляпти. Муҳтарам Президентимизга мингдан минг раҳмат, зарур шароитлар яратиб берганликлари учун!

Ҳа, шундай азиз Ватанда яшаётганимиздан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Ахир пандемия бошланганидан бери қанчалар хайрли ишлар қилинди ва қилинмоқда. Шу боис ҳам коронавирус инфекцияси қурбонлари бизда жуда кам. Бу жаҳоний меъёрларга таққослаганда ғоят юқори кўсаткич. Кўз тегмасин, асло. Умид қиламизки, яқин орада шифохонада бирорта бемор қолмайди. Бунинг учун тобора юмшатилаётган карантин талабларига итоат қилиш ва соғлом турмуш тарзи қоидаларини сўзсиз бажаришни кундалик одатимизга айлантиришимиз муҳимлигини асло унутмайлик.

Абдулла ҒОЗИЕВ.