Инсоният турмуш тарзининг ривожланиши янги-янги кашфиётларнинг яратилишига сабаб бўлмоқда. Янгилик яратиш жараёнида ҳар хил тўсиқларга дуч келинади ва шу тўсиқларни енгиб ўтиш мобайнида яна янги ихтиролар пайдо бўлади. Лекин ҳаёт тажрибаларидан маълумки, кўпинча янги кашфиёт маълум бир муаммони ҳал қилиш жараёнида юзага чиқади.

"Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш асносида ва "COVID-19" инфекцияси инсоният ҳаётига хавф солаётган ушбу пандемия кунларида Наманган вилоят соғ­лиқни сақлаш соҳасида ахборот коммуникацион технологиялардан, янги дастурлардан мақсадли ва самарали фойдаланилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан чет давлатларининг малакали врачлари ва мутахассислари иштирокида ташкил этилаётган онлайн видеоконференцияларда вилоят даволаш-профилактика муассасалари шифокорлари масофадан туриб иштирок этишмоқда. Видеоконференциялар орқали касалликнинг олдини олиш, беморларни даволаш, қандай дори воситаларидан фойдаланиш, карантин қоидаларига оид тажрибалар бойитилмоқда.

Бундан ташқари АКТ технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда, ҳар куни бошқарма бошлиғи раҳбарлигида масофадан туриб шаҳар, туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят ДПМ раҳбарлари, СЭОМ раҳбарлари, соҳа мутахассислари иштирокида онлайн видеойиғилиш ўтказиляпти. Онлайн йиғилишларда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, тана ҳарорати кўтарилганларда "COVID-19"га таҳлил ўтказиш, касаллик аниқланганларни шифохонага жойлаштириш, бемор билан мулоқотда бўлган фуқароларни карантинга олиш ва бошқа мавзудаги масалалар муҳокамаси ўтказилмоқда.

Икромжон ҚУРБОНОВ,

бошқарма АКТ бўлими раҳбари.