Дунёда коронавирус пандемияси бошлангандан буён аҳоли орасида коронавирус COVID-19нинг юқиб қолишидан қўрқув синдроми - ковидофобия кузатила бошланди. Бошқа давлатларда бўлгани каби бизнинг мамлакатимизда ҳам эпидемияга қарши асосий чора сифатида карантин эълон қилинганидан сўнг, одамлар орасида коронавирус касаллигидан хавфсираш синдроми - ковидофобия пайдо бўлди.Тиббиёт ходимлари мазкур хасталик бўйича аҳоли томонидан берилаётган кўплаб саволларга дуч келишмоқда. Масалан, касаллик белгилари қандай? Бемор бўлган одам хасталикдан бутунлай қутуладими? Қай тарзда одамларга юқади? Юқтириб олмаслик учун нималарга эътибор бериш лозим? каби сўровлар кўпаймоқда.

Ковидофобия ҳар бир инсонда кузатилгани ҳеч кимга сир эмас. Таъкидлаш жозки, ковидофобия, яьни- коронавирус инфекцияси касаллигига чалинишдан чўчиш синдроми баъзи одамлар руҳиятида турли ўзгаришлар билан намоён бўлди. Бу ўзгаришлар уларда тушкунлик ҳолати, кайфиятсизлик, қўлларини жуда кўп марта ва жуда қисқа вақт давомида ювиш, атрофидаги бор буюмларни қайта-қайта дезинфекциялаш, бутун атрофга ҳадик ҳисси билан қараш, невроз ҳолатларининг кузатилиши, кундалик ҳаёт тарзининг издан чиқиши (овқатланиш, уйқу ва бошқаларни ўзгариши) билан ифодаланади.

Юқоридаги ҳолатлар, яъни "ковидофобия" деб баҳоланаётган хатти-ҳаракатлар ҳозирги карантин даврида коронавирус инфекцияси - COVID-19 касаллигини тар­қалишига тўсиқ бўлиб хизмат қилишини эътиборга оладиган бўлсак, бу синдромнинг ижобий кўриниши ҳам бор. Аммо, ковидофобиянинг руҳий ўзгаришлари бор, сурункали касалликлар билан оғрийдиган, қон босими кўтарилувчи, юрак касалликлари, эндокрин хасталиклари мавжуд кишиларда, ҳомиладорларда кузатилишини психиатр ва психологлар томонидан назоратга олиниши мақсадга мувофиқ бўларди.

Энг муҳими, ён атрофимиздаги коронавирусдан қўрқиб яшаётган, руҳий тушкун кайфиятидаги инсонларга нисбатан асло бефарқ бўлмайлик. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, риоя қилинаётган карантин чоралари, яъни уйда қолиш бу касаллик юқишидан сақловчи энг асосий восита эканлигини тушунтирайлик.

Мамлакатимизда COVID-19 ни даволашда эришилаётган улкан ютуқлар, самарали натижалар ҳақида батафсил тушунча бериш ҳам ковидофобия кузатилаётган одамлардаги кўрқув ҳиссини енгишда асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Ҳамидулла УСТАБОЕВ,

РШТЁИМ Наманган филиали бош врачи ўринбосари.