- Дугонажон, эшитдингизми?

- Нимани?

- Раъно "Шуҳрат" медали олибди.

- Қайси Раъно?

- Борку, анави терапияда ишлайдиган оқ юзли, хушбичим аёл.

- Мабодо? Яламалик Жумавой шопирнинг қизини айтмаяпсизми?

- Дадасини билмайману, онаси Санобархон ая ҳам ҳамшираликдан пенсияга чиққан.

- Худди ўша.

Косонсой туман тиббиёт бирлашмасида ўтказилаётган анънавий касб байрами тадбирига таклиф этилган икки дугона йўл-йўлакай суҳбатлашиб шифохона ҳовлисига кириб келишганда микрофондан "Камтар, камсуқумлиги, фидойилиги, касбига садоқати, узлуксиз ва бенуқсон хизматлари юксак қадр топган тажрибали ҳамшира Досматова Раъно Жумабоевна Президентимиз Фармонига кўра "Шуҳрат" медали билан мукофотланди" дея эътироф этилаётган эди...

Инсон келажакда ким бўлиб етишиши, қандай касб-корнинг этагидан тутиши унинг ёшликда олган тарбияси, билими ва қандай муҳитда улғайганига боғлиқ. Яна гап борки, "Буғдой эккан буғдой олади, арпа эккан арпа".

Боғу роғлар яшилликка бурканган 1975 йил март ойининг 12-санасида Косонсой туманидаги Ялама қишлоғилик Жумавой ака билан Санобархон аялар оиласидаги етти фарзанднинг бешинчиси - лўппигина қизалоқ дунёга келди. Унга қизларнинг сараси, гулларнинг аълоси бўлсин дея Раъно исмини берган бўлсалар ажаб эмас...

У болалигиданоқ оқ халат соҳибаси бўлиши аниқ эди. Чунки онаси ҳамшира бўлиб ишлаш баробарида қизида касбига меҳр уйғота олди, бошқа фарзандлари каби яхши тарбия берди, билимли қилиш учун астойдил қайғурди. Ғамхўрликдан кўнгли чоғ қизалоқ онасига ёрдам берган кезлари бир олам завқ оларди...

Раъно Досматова шифокор бўлиш орзуси билан 15-мактабни битиргач, Косонсой тиббиёт коллежига умумий амалиёт ҳамшираси мутахассислиги бўйича ўқишга кирди. Талабалик чоғлари устозларидан тиббиётнинг нозик сир-асрорларини ўрганди, ўқиди, изланди, мунтазам шуғулланиб, билимини янада бойитди.

Коллежни муваффақиятли битирган Раънохон 1995 йили марказий шифохонанинг ички касалликлар бўлими ҳамшираси сифатида илк меҳнат фаолиятини бошлади. Аммо мустақил ишлаш учун унда малака ва тажриба етишмасди. Зийрак, меҳнатга лаёқати кучли, касбига меҳри, тиришқоқлиги туфайли соҳага оид қўлланма ва адабиётларни мутолаа қилиш, изланишдан чарчамади. Шунингдек, биринчи устози-онаси Санобархон ая, бўлим мудири Файзулло Ҳафизов, врач Олимжон Қосимов, тажрибали ва меҳрибон ҳамширалар Ҳурматой Абдуллаева ва Робияхон Солиева каби устазода мутахассислардан эринмасдан, уялмасдан сўраб касбига оид иш услубларини пухта ўзлаштириб олди.

Бу унинг қатор йиллар давомида пост ҳамшираси, катта ҳамшира вазифасини қойилмақом қилиб уддалашида қўл келди. Натижа шуки, етук ва салоҳиятли ҳамшира мақомига эришди. Бўлим жамоаси ва ҳаётдан катта сабоқ олган Раънохон беморларга хушмуомалалиги билан малҳам қўйди. У ишчанлик ва инсоний фазилатлари билан туман тиббиётчилари эътиборига тушиш баробарида беморлар орасида обрў қозонади.

- Онамга ҳавас қилиб, - дейди Раъно биз билан суҳбатда, - шу касб­ни танлаганман. Болалигимизда уйимизга ҳам беморлар келиб турарди. Шунда онамга ёрдамлашиш орқали кўп нарсани ўрганиб олганман. Баъзан онам йўқликларида бемор келиб қолса биринчи ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилиб, баъзан тоза пахта ва спирт билан оғриган томоқларни боғлаб қўйишни бемалол уддалардим.

Инсоннинг элда обрў топиши осон иш эмас. Зеро, эл олқишини олиб яшаш ва ишлашдан ортиқ саодат ҳам йўқ аслида. Ҳукуматимиз томонидан тажрибали ҳамшира Раъно Досматованинг хизматлари "Шуҳрат" медали билан мукофотлангани фикримизни тасдиқлагандай.

Аслида мақоламиз қаҳрамони каби ҳамшираларнинг фидойилиги, беморларга меҳрибонлиги ва меҳнаткашлиги бошқа тиббиётчиларга ҳам обрў келтиряпти, десак муболағасиз.

Хўш, Раънога иши тушган борки, унинг номини эъзоз билан тилга олишнинг сабаби нимада?

- Саволимизга қарийб чорак аср­дан буён юзлаб беморларнинг дардига малҳам бўлиб, одоби, ширин сўзи ва беминнат хизмати билан обрў қозонаётган Раънохоннинг ўзидан жавоб кутамиз.

-  Ютуқларимнинг омили, - дейди суҳбатдошим, - ҳалоллик ва виждонан меҳнат деб биламан.

Қачонки меҳнатингдан эл-юрт манфаат кўрса, билки сен хотиржамсан.

Беморларга отам, онам, ака- ука, опа-сингилларим каби муносабатда бўламан. Беморлар билан ишлашни яхши кўраман. Бемор оғриб турса ёки оғирлашиб қолса, тушкунликка тушиб, сиқилиб қоламан. Токи ундаги оғриқ чекинмагунча ёнидан кетгим келмайди. Чунки беморларнинг дардига малҳам қўя олсамгина чарчоқларим ёзилади. Тузалиб, уйларига хурсандчилик билан қайтишларини кўрсам мен учун байрам, деяверинг.

Айни дамда марказий шифохонанинг жонлаштириш бўлимида катта ҳамшира бўлиб ишлаётган Раъно Досматова ҳамқишлоғи, муаллим йигит Зайнобиддин билан тақдирини боғлаган. Тўнғич ўғиллари Жаҳонгирмирзо Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институтининг биринчи босқичида ўқиётган бўлса, қизлари Райҳона мактабда таҳсил олаётир.

Қамбар ҲАЙДАР.