Мен уч ой аввал бронхит хасталиги хуружини ўзимда сезган заҳотимоқ врач ҳузурига бордим. Ҳатто яқинларим "Касал бўлмасдан нега шифохонага югурасиз?" дейишиб таажжубланишди ҳам. Бироқ вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидаги шифокор О. Ўринбоев бошқача, яъни мамнун ҳолатда кутиб олди. "Қанийди ҳаммаям сизга ўхшаб ўз соғлиғига вақтида қайғурса, аҳоли ўртасида касалланиш кескин камаярди" дея эътироф этди. Бундан жуда қувондим. Ахир ўзимга ёпишаётган дард кучаймасидан ҳаракатга тушибман-да. Худо хоҳласа, соғлигимни яна мустаҳкамлаб оларканман.

Яшириб нима қиламиз, аксарият одамлар касаллигини сезсалар ҳам бепарво юришади. "Эрта - индин дўхтирга учрарман" деган хаёлда ойларни, баъзида йилни ўтказиб юборишади. Оқибати эса, жуда кўнгилсиз кечади, кейинги ҳафтада тузаладиган дардни ойлаб, йиллаб даволатсаларда таналаридан қувиш қийинлашади. Ёки асорати қолади, сурункали тез-тез қайталанадиган тусга киради. Врачга учраши кечиккани ўзига қимматга тушади. Энг ёмони - фожеали тугаши ҳам мумкин.

Минг шукурлар бўлсинки, ҳозирда беморлар даволаниши учун қулай шарт-шароитлар муҳайё этиб қўйилмоқда. Сўнгги уч йил ичида Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг юксак эътиборлари, қатор Қарор ва Фармонлари туфайли тиббиётда тўхтовсиз ижобий ўзгаришларга эришиляпти. Жумладан, бизнинг вилоятимизда ҳам. Бугун Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тўғри йўл тутилиб, кўп минг сонли аҳолига эга Ғурумсарой шаҳарчасидаги мавжуд намунали шифохонанинг янгитдан фаолияти учун зарур шароитлар яратиб қўйилгани айни муддао бўлди. 3 миллиардга яқин сўм-маблағ сарфланиб, унинг бир қисми замонавий таъмирдан чиқарилди. Ҳозирда ОП ишлаб турибди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида тиббиётнинг эртанги тараққиёти учун бугундан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар аниқ белгилаб берилган. Жумладан: "Гематологик ва вирусологик ёрдам сифатини ошириш, бу турдаги даволаш қийин бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатишни тубдан ислоҳ қилиш вақти келди.

Қон ва вирусли касалликларни барвақт аниқлаш, даволаш учун малакали гематолог тайёрлаш, дори-дармон ва тиббиёт техникаси учун маблағларни кўпайтиришимиз керак" деган фикрлар эл соғлигини сақлашдек ғоят ҳайрли ва савобли ишнинг юксак масъулиятини чуқур ҳис этилиши зарурлигини англатади, албатта. Мен ўн кун давомида гематология бўлимида даволанганимда М. Абдураҳмонова, Д. Мирзабоева, С. Ҳасанова ва С. Худойберганов сингари саломатлик пос­бонларининг ўз касбларига нақадар садоқатли эканликларини кўрдим. Энг муҳими, улар зиммаларидаги масъулиятини бирор лаҳза унутишмайди. Беморларни тезроқ соғайтириш учун муолажалар сифати ва натижадорлигига эришишга астойдил интилишади.

Лекин аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантирмай, унинг барқарорлигини таъминламай халқимиз соғлигини сақлашда кутилган мақсадга эришилиши қийин деб ўйлайман. Очиғини айт­ганда, аҳоли орасида тиббий маданият ҳали ҳануз орқадалиги, соғ­лом турмуш тарзи талаби ва тушунчаси етарли оммалашмаётганлиги афсусланарли. Бу бир, ўн ёки юз кишининг иши эмас. Барчамизнинг амал қиладиган яшаш тарзимизга айланмоғи шарт. Шахсан ўзимнинг тажриба ва жонкуярлик мақсадида ҳудудимиздаги ҳар бир МФЙ ҳисобида турувчи хонадонда яшовчилар йил давомида бирор марта касал бўлмаса 1-ўринга 150 минг сўм, 2-ўринга 100 минг сўм, 3-ўринга 50 минг сўм пул мукофот тақдим қилишни йўлга қўйишим ҳақидаги ташаббусим туманда эътиборсиз қолдирилаётганидан афсусдаман.

Бемор инсонларни даволаш қанчалик қийин кечиши ҳеч кимга сир эмас. Мурожаатномада: "Дори воситалари ҳаракатини назорат қилиш, контрафакт маҳсулотлар айланишига чек қўйиш ва дориларнинг реал нархини онлайн тартибда кузатиб бориш тизимини яратиш ҳам долзарб вазифадир" дейилгани, бунга алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Бу жараённинг тиббиёт ходимлари хизматига белгиланадиган маошни ҳам ошириш баробарда амалда қўлланилиши шарт бўлиб қолаётгани "Ҳаётий теоремадир".

Шу билан биргаликда соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришни тубдан ислоҳ қилиш мақсадида "мажбурий тиббий суғурта"ни жорий қилиш қонунлаштирилаётганда малакали шифокорлар билан ҳам шахсий шартнома асосида йил давомида оиласига хизмат кўрсатишга соғлом турмуш тарзига амал қилиб, оиласида касалликга йўл қўймаган хонадонларни бепул туристик пансионатларга йўлланмалар билан рағбатлантиришни амалга ошириш ҳам мақсадга мувофиқдир. Шу тариқа ҳозирги вақтда ҳусусий шифохоналарда қўлланилаётган " кўрпа- ёстиқ янги жилди" хизматини пуллик асосга кўчириб, даволанувчига бериб юборилиши ҳам бюджет юкини енгиллатишдан ташқари, аҳоли хонадонларидаги ушбу маданий соҳани тезроқ ривожланишига асос бўлар эди.

Р. МУҲИДДИНОВ,

"Нуроний ва ёшлар" ҳунармандчилик

экоҳаракати Қ.М.Ж раиси.