ДОЛЗАРБ МАВЗУЛАРДА

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги "Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тар­қалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида"ги Ф-5537 - сонли Фармойиши ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг чора-тадбирлар режасининг бажарилишини таъминлашга қаратилган тарғибот йиғилишлари ўтказилди.

Мажлис аҳлига шу кунлардаги долзарб профилактик чора-тадбирлар батафсил тушунтирилди. Барча меҳнат жамоаларида короновируснинг олдини олишга қаратилган тарғиботни кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, ижро интизомига бағишланган йиғилиш ҳам бўлиб ўтди. Унда бирлашма раиси Ш. Мусаев, вилоят ҳокимлигининг масъул вакиллари - А. Дадаханов ва Д. Эрматовлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарор ва Фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ўз вақтида бажарилиши бўйича тегишли кўрсатмалар бериб ўтдилар. Сўнгра йиғилганларга Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланиш бўйича керакли тушунчалар бериб ўтилди.

Аббосхон МАМАДАЛИЕВ,

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари Касаба уюшмаси

Республика Кенгашининг Наманган вилояти бўйича масъул ташкилотчиси.

 

ЯНГИ ҚОНУН ТАРҒИБОТИ

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси мажлислар залида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги "Касаба уюшмалари тўғрисида"ги Қонунининг мазмун- моҳиятига бағишланган семинар ўтазилди.

Йиғилишни Ўзбекистон Соғ­лиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Аббосхон Мамадалиев очди ва олиб борди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши юридик бўлимининг етакчи юрисконсульти Наргиза Асадова янги таҳрирдаги Қонун ҳақида тушунчалар берди.

Мазкур қонун фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга оширишни, касаба уюшмаларини тузиш ва фаолиятини ташкил этишдаги муносабатларни тартибга солади. Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида, ички ишлар органларида, Давлат хавфсизлик хизматида, Миллий гвардиясида ва бошқа ҳарбий тузилмаларда қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланиши мумкин. Касаба уюшмаси - фуқароларнинг ўз фаолияти ёки ўқиши тури бў­йича умумий касбий манфаатлари билан боғлиқ бўлган, уларнинг меҳнатга оид ва бошқа ижтимоий - иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида тузиладиган, ўз устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий жамоат бирлашмасидир.

Анжуманда малакали ва тажрибали мутахассислар томонидан соҳада ҳуқуқий маданият ва саводхонликни ошириш юзасидан зарур маълумотлар тақдим қилинди

Семинар якунида тиббиётчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига тегишли жавоблар олишди.

Маъмуржон ЭРГАШЕВ,

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳуқуқшуноси.